Германия полицияси асли ўзбекистонлик олигарх Алишер Усмонов томонидан йиғилган 30 та картинани мусодара қилди. Картиналарнинг умумий қиймати камида 5 миллион еврога баҳоланмоқда.
Süddeutsche Zeitung нашри хабарига кўра, картиналар Усмоновга тегишли “Дилбар” яхтаси интерьерининг бир қисми бўлган. Яхта 2021 йил кузида Ҳамбургдаги докка капитал таъмир учун кирган. Ўшандан бери картиналар экспедитор ширкат омборида сақлаб келинган.
Россия Украинага қарши босқинчилик уруши бошлаган февраль ойидан кейин Алишер Усмонов президент Владимир Путин билан тиғиз алоқаси туфайли Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлганди.
Қонунга мувофиқ, у Германиядаги бадиий қимматга эга асарлар дохил ўз активлари ҳақида билдириши лозим эди, аммо у бу ишни қилган эмас. Қиймати 600 миллион долларга тенг “Дилбар” яхтаси март ойида Германия расмийлари томонидан тутиб қолинган, ҳозир у Бременда ушлаб турилибди.
Усмонов Германиядаги яхта, санъат асарлари ва кўчмас мулк дохил кўплаб активлар унга тегишли эканини рад этган. Унга кўра, бу активлар Усмонов назорати остида бўлмаган жамғармаларга расмийлаштирилган.