Германияда Гессен федерал ери бош прокуратураси асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан пул ювиш гумони билан очилган иш терговини ёпган. Бу ҳақда Озодликнинг рус хизмати мухбири хабар қилди.
Озодлик журналисти билан суҳбатда бош прокурор Георг Унгефук “Россия Федерациясидан бўлган 71 ёшли тадбиркорга нисбатан пул ювиш гумон билан очилган иш бўйича тергов айбланувчининг розилиги билан 2024 йил 11 октябрида тўхтатилган”ини қайд этган.
Айни пайтда айбланувчи 4 миллион евро маблағ тўлайдиган бўлган. Бунинг 1,5 миллиони жамоатчилик учун манфаатли фаолият билан шуғулланувчи кўплаб муассасалар эҳтиёжларига кетади, 2,5 миллион евро эса давлат ҳисобига ўтказилади. Маблағ ҳисобрақамларга келиб тушганидан кейин жараён ёпилади.
ГФР қонунчилиги, агар “юклатилган пул мажбуриятларини бажариш йўли билан жиноий таъқиб зарурати бартараф қилинган бўлса”, прокуратура ва судларга жиноят терговини тўхтатиш имконини беради. Билдирилган айблов оғирлиги бунга монелик қилмаслиги лозим.
Қарор қабул қилишда прокуратура Усмоновга айблов билдирилаётган хатти-ҳаракатлар учун ГФРда ҳам, Гессен федерал ерида ҳам тергов қилиш имконсизлиги ҳолатини ҳисобга олган. Бундан ташқари, бошқа мамлакатда содир этилган жиноятлар Германиядаги жисмоний ва юридик шахсларга зарар етказмаган. Айбланувчининг хатти-ҳаракатлари оқибатида ГФРда молиявий зарар юзага келган эмас, жиноят содир этилганидан бери эса анча вақт ўтиб кетган.
Жиноят ҳуқуқи бўйича берлинлик эксперт Озодликка Усмоновга нисбатан қўлланилган қонунчилик параграфи қўйилган айбловнинг ўта оғир экани, бироқ жиноят иши уни тергов қилиш қарийб имконсизлиги учун тўхтатилганидан далолат беришини айтган.
Агар иш судгача етиб борганда, далиллар етарли бўлмагани сабабли ҳукмдан воз кечишга ва Усмоновни оқлашга тўғри келган бўларди. Ҳуқуқшуносга кўра, россиялик тадбиркорнинг оқланиши реал вазият ва жиноятларнинг оғирлигига мувофиқ бўлмасди.
“Афтидан, Гессен бош прокуратураси максимал даражада юқори бўлган пул мажбуриятларини юклаб, терговни тўхтатишга қарор қилган”, дея таъкидлаган ҳуқуқшунос.