Германияда “Ислом давлати” (ИД) террор ташкилотига аъзолик, уни молиялаштириш бўйича тармоққа дахлдорлик ҳамда Ташқи савдо тўғрисидаги қонунни бузганликда гумонланган Россия фуқароси Зелимхан Д. ҳибсга олинган. Бу ҳақда Озодлик радиосига Германия Федерал прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.
Гумонланувчини ҳибсга олиш бўйича ГФР бош прокурори талабнома киритган.
Ҳибсга олишга оид буйруқда россиялик шахс 2022 йил августида аввалроқ унинг шериклари томонидан ташкил этилган жиноий бирлашмага қўшилгани айтилган. Уларнинг мақсади Германия ва Европанинг бошқа давлатларида “Ислом давлати”ни молиялаштириш учун маблағ йиғиш бўлган.
Ижтимоий тармоқлар орқали йиғилган пуллар, иддаога кўра, гуруҳ аъзоларининг курьерлари воситасида хорижга йўлланган. Мазкур маблағлардан жиҳодчилар ва “Ислом давлати”нинг курд лагерларида сақланаётган аёл аъзоларини дастаклаш учун фойдаланилган.
Тергов тахминига кўра, Зелимхан Д. асосан Берлин ҳудудида хайрия маблағларини йиғиш ишини уюштирган ва ўртадаги кассани ўз тасарруфида тутган. Унинг ёрдами билан жами 60 минг евродан зиёд маблағ йиғишга муваффақ бўлинган.