Германия федерал прокуратураси Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган етти нафар фуқарога террористик гуруҳ ташкил қилиб, унинг фаолиятида иштирок этганлик ва “Ислом давлати” террор ташкилотини дастаклаганликка оид айблов билдирди. Бу ҳақда прокуратура сайтидаги баёнотда айтилган.
Gazeta.uz хабарига кўра, айбланувчилар Германия ғарбида жойлашган Шимолий Рейн-Вестфалияда ўтган йил ёзида қўлга олинган ва ўшандан буён ҳибсхонада сақланмоқда. Қўлга олинганлардан беш нафари Тожикистон, бири Туркманистон, яна бири эса Қирғизистон фуқаролари экани айтилган. Прокуратура қайдича, бу одамлар “анчадан бери бир-бирларини танишади ва радикал исломий қарашларга эгалар”.
Баёнотда келтирилишича, айбланувчилар Германияга 2022 йил баҳорида Украинадан келишиб, мамлакатда ҳужумлар уюштириш учун террор гуруҳи тузишган. “Бунинг учун улар мунтазам равишда учрашишиб, ҳужум қилиниши мумкин бўлган объектларни кўздан кечиришган ҳамда қурол сотиб олишга уринишган”, дея иддао қилган прокуратура.
Айни пайтда, ҳуқуқ-тартиботчилар қайдича, қўлга олинган пайтда уларда конкрет ҳужум режаси бўлган эмас. Қўлга олинганлар ИДнинг Афғонистондаги “Хуросон” бўлинмаси аъзолари билан алоқада бўлишган.
Бундан ташқари, гуруҳдаги бир кишидан ташқари айбланувчиларнинг барчаси “Ислом давлати” учун пул йиғишган ва 2022 йил апрелидан 2023 йил майигача террорчиларга бир неча минг евро ўтказиб беришган.