Германиянинг Ҳамбург шаҳри бош прокурори 29 ёшли тожикистонлик йигитга “Ислом давлати” террор гуруҳи фаолиятини молиялаштирганлик айбловини билдирган. Ҳамбург прокуратурасига кўра, у Сурия ва Ироқ қамоқхоналарида бўлган ИД аъзоларига молиявий ёрдам кўрсатганликда айбланмоқда.
Прокуратура хабарномасида тожикистонлик йигитнинг исми очиқланган эмас, фақат унинг 2020 йил бошидан бери Сурия ва Ироқда ҳибсга олинган ИД аъзолари ҳамда террор ва экстремистик ташкилотлар вакилларига ёрдам кўрсатган бошқа донорлар билан алоқада бўлгани айтилган.
Маҳаллий “Ҳамбургер Абендблатт” нашри хабарига кўра, тожикистонликнинг мақсади ўлдирилган ИД аъзоларининг бевалари ва етим болаларини ҳамда Сурия ва Ироқ қамоқхоналарида ўтирган аёлларни дастаклаш бўлган.
Тожикистон расмийлари бу борада ҳозирча бирор изоҳ берганлари йўқ.
“Ҳамбургер Абендблатт” қайдича, Мекленбург федерал ерларида истиқомат қилувчи йигит ҳибсга олинган эмас, чунки Германияда иш бўйича суд қарори кучга киргунига қадар айбсизлик презумпцияси амалда бўлади. Агар тожикистонликнинг айби ўз исботини топгудек бўлса, маҳаллий қонунчиликка кўра, у 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.