Германиянинг Людвигсхафен шаҳридаги BASF кимё заводи ҳудудида портлаш содир бўлди.
Bild нашрининг ширкатдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, портлаш ортидан чиққан ёнғин натижасида заводнинг 14 нафар ишчиси енгил тан жароҳати олган.
Ёнғин ширкат ходимлари кучи билан ўчирилган. Айни пайтда завод ҳудудида экология хизмати ходимлари ишламоқда, улар ҳаво ифлосланишини ўлчашяпти.
Аввалроқ портлаш натижасида чор-атрофга турли газлар ёйилгани маълум қилиниб, яқин-атрофдаги аҳоли пунктларида яшовчи кишилардан ойна ва эшикларни очмаслик сўралган. Кейинроқ BASF ширкати аҳоли учун хавф йўқлигини маълум қилган.
Людвигсхафендаги BASF заводида 2016 йил октябрида ҳам катта ёнғин кузатилган эди.
Жорий йилнинг май ойи бошида Берлиндаги Diehl Metal Applications цехида ёнғин содир бўлган. Ўшанда бинодаги тўртта қаватга ўт кетган. Ёнғин хизмати вакили маълумотига кўра, бинода хавфли кимёвий моддалар, жумладан сульфат кислотаси ва мис цианиди сақланган.