Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 10 киши газдан димиқиб ўлди ва яна уч киши Жиззах шаҳри шифохонаси жонлантириш бўлимига олиб кетилди.
Шифокорларга кўра, уч кишининг ҳаёти ҳозирда хавф остида эмас.
Газдан димиқиб ўлганларнинг ёши 33 билан 53 орасидадир.
Ҳодиса юзасидан Ғаллаорол прокуратураси тергов-суриштирув ишларини бошлаган
"Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси Ғаллаорол Магистрал газ қувурлари бошқармаси ходимларининг маълум қилишича, ҳодиса 20 август эрталаб туманнинг Канализация Насос Станцияси (КНС) ҳудудида юз берган.
Ғаллаорол тумани "Газчилар" қўрғони аҳолисига сув етказиб берувчи ушбу станция Магистрал газ қувурлари бошқармаси қарамоғидадир.
Бошқарма ходимларининг маълум қилишича, бошқарма муҳандислари, қурувчи ва сантехниклари КНСдаги сув моторларини таъмирлаш ишларини олиб бораётган бўлган.
Уларга кўра, муҳандис, сантехник ва қурувчилар ер остидаги сув моторлари носозлигини тўғирлаш учун 6 метр чуқурликка бирин-кетин тушиб, сув сатҳида йиғилиб қолган газдан димиқиб ҳалок бўлганлар.
Бошқарма ходимлари Озодликка ўлганлардан уч нафарининг бошқарма муҳандислари қолганлари эса сантехник ва қурувчилар бўлганини айтди.
Ҳозирда сув моторлари жойлашган чуқурлик беркитилган, ҳодисани ўрганиш учун Тошкентдан махсус экспертлар гуруҳи келган.
"Иш тўхтаб турибди. Бу ерда иш кетаяпти. Лекин экспертлар айтгани йўқ натижасини," деди бошқарма ходимларидан бири.
Ғаллаорол Магистрал газ қувурлари бошқармаси раҳбарияти сув моторлари жойлашган чуқурликда заҳарли азот гази тўпланиб қолгани бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Бир кунда ўнта жаноза
Озодлик суҳбатлашган ғаллаоролликлар 20 августнинг ўзида туманда 10та уйда жаноза маросими бўлиб ўтганини маълум қилишди.
Иккита жанозага борган ғаллаоролликлардан бири барча маросимлар чиқимини туман ҳокимлиги ўз зиммасига олганини билдирди.
"Ҳокимият вакиллари кеча ўлганлар уйларига кириб, озиқ-овқат тарқатиб чиқди. Раҳбарлар ҳаммаси хонадонларга кирган. Ҳамма шокка тушиб қолган," дейди жанозада қатнашганлардан бири.
Маҳаллий аҳоли туманда бир куннинг ўзида ўн кишининг жанозаси ҳеч қачон бўлмаганини айтади.
Техника хавфсизлиги
Газ соҳаси мутахасисларига кўра, Ўзбекистонда техника хавфсизлигига амал қилмаслик оқибатида иш пайти рўй берадиган ҳалокатлар кам бўлсада, учраб туради.
2015 йил 13 декабрида “Водийгазтаъминот" унитар корхонасининг тўрт нафар ходими Фарғона шаҳридаги газ қувури қудуқларидан бирига тушиб, ишлаётган пайти газдан заҳарланиб ўлганди.
Тўрт газчининг ўлимига техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмагани сабаб бўлгани айтилди.
Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси берган маълумотга кўра, мазкур ҳодиса юзасидан Фарғона вилоят Миллий хавфсизлик хизмати жиноий иш очиб, тергов-суриштирув ишларини бошлаган.
Соҳа мутахасисларининг ишонишича, Ўзбекистонда сув ва газ қувурларига тушиш билан боғлиқ техника хавфсизлик қоидаларига кўпда амал қилинмайди.