GM Uzbekistanга ишга кирмоқчилардан... жисмоний тарбия ва арифметикадан имтиҳон олинди

Damas автомобиллари

GM Uzbekistan автоконцерни Хоразм вилоят, Питнак шаҳарчасида жойлашган заводга ишга кирмоқчи бўлганлардан жисмоний имтиҳон олди: талабгорлар турникда тортилди ва билак қувватини ётиб-туриш билан кўрсатди.

Ўзбекистон Меҳнат Кодексида меҳнатга оид муносабатларда камситиш тақиқланган.​

Питнак шаҳридаги заводда ўтказилган имтиҳон ҳақида Озодликка ушбу заводга беш йилдан буён ишга кириш учун ҳаракат қилаётган питнакликлардан бири хабар қилди.

Бу хабарни 8 июнь куни ўтказилган имтиҳоннинг яна бир иштирокчиси ҳам тасдиқлади.

Турник ва "отжимание"

Озодликка Telegram мессенжери орқали боғланган питнаклик йигитга кўра, шаҳарчадаги заводга ишга кирмоқчи бўлганлардан уларнинг шахсига оид маълумотнома ва арифметикага оид умумий имтиҳондан ташқари яна 40 марта "отжимание" қилиш ва 20 марта турникда тортилиш талаб қилинган.

Жисмоний синовдан ўта олмаганлар ишга олинмаган.

"20 марта турникда тортилиш ва 40 марта "отжимание" бўлди. Бу машқларни кимдир бажарди, кимдир йўқ. Ўзи шундай бўлиши мумкинми?" дея эътироз билдирди GM Uzbekistan заводига беш йилдан буён ишга кира олмаётганини айтган йигит.

Айни имтиҳонда қатнашган яна бир питнаклик йигитнинг айтишича, заводга оддий ишчи бўлиб кириш ниятида бўлганлардан уч хонали сонларни кўпайтириш, қўшиш ва айириш талаб қилинган ва бундай имтиҳон унинг фикрича, "мантиқсиз"дир:

"Мен кўп йиллар турли жойларда оддий ишчи бўлиб ишлаганман. Кўпайтириш, қўшиш ва айириш каби нарсаларни қилмаганимга кўп йиллар бўлиб кетди".

Озодлик суҳбатдошлари 70 га яқин иш ўрнини эгаллаш учун 600 дан зиёд одам имтиҳон топширганини билдирди.

Жавобсиз қолган саволлар

Ишга кирмоқчи бўлганларни жисмоний синовдан ўтказиш GM Uzbekistan АЖнинг янги ходимларни ёллаш усулларидан бирими?

Бу усул Ўзбекистонда мавжуд меҳнат қонунларига қанчалик тўғри келади?

Айни саволлар бериш учун Озодлик 13 июнь куни GM Uzbekistan АЖнинг бош идорасига бир неча маротаба қўнғироқ қилди.

GM Uzbekistan мутасаддилари дастлаб Питнакдаги имтиҳон юзасидан илгари сурилган иддаолар ўрганилиб, расмий жавоб берилишини билдирдилар.

Аммо, мутассадилар Озодлик мухбирининг кейинги қўнғироқларига жавоб бермади.

Ўзбекистон Меҳнат Кодекси 6 моддасига мувофиқ, меҳнатга оид муносабатларда камситиш тақиқланган.

Унда, жумладан, шундай ​дейилади: "Ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга йўл қўйилмайди ва ​булар камситиш ҳисобланади".

Питнакдаги заводга ишга олиш бўйича имтиҳонлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев GM Uzbekistan Акциядорлик жамиятини етарли иш ўринлари яратмаётгани учун танқид қилганидан роппа-роса уч ҳафта ўтиб ўтказилди.

Ўтган йил октябрида GM Uzbekistan АЖ Питнак шаҳридаги филиалида ўтказилган текширувлар натижасида "тизимли равишда жиддий камчилик ва хатоларга йўл қўйган филиалнинг бир қатор ходимлари ўз лавозимидан озод этилган"лигини маълум қилган эди.

GM Uzbekistan AЖнинг Питнакдаги филиали йилига 10 минг автомобиль ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Питнак шаҳарчасида жойлашган GM Uzbekistan АЖнинг филиалида Damas русумидаги автомобиллар 2014 йил бошидан буён ишлаб чиқарилади.