"GM Uzbekistan" автомобиллари нархини 1 августдан оширмайдиган бўлди

"Ўзавтосаноат" компанияси расмий сайти эълонb

"Ўзавтосаноат" компанияси расмий сайтида эълон қилинган баёнотга кўра 1 августдан GM Uzbekistan автомобилларига нархлар оширилмайди.

Компания расмий сайтида 1 август куни қуйидаги эълон пайдо бўлди:

Фуқаролар диққатига!

«GM Uzbekistan» АЖ автомобиллари нархи ўзгаргани йўқ. 30 июль куни Халқаро пресс-клубда муҳокама қилинган автомобиль нархлари масаласи ҳозирда мутассади ташкилотлар ва мутахассислар билан ҳамкорликда ҳар томонлама, нарх ошишининг ижобий ва салбий томонларини инобатга олган ҳолда ўрганиб чиқилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда автомобиль нархлари бўйича тарқалган маълумотлар ва автомобиллар нархи бўйича прайс-лист ишончли эмаслигини билдирамиз.

“Ўзавтосаноат” АЖ ахборот хизмати

Озодлик 30 июль куни 1 августдан Ўзбекистонда GM Uzbekistan машиналари нархи ўртача 14 фоизга оширилиши тўғрисида kun.uz га таяниб хабар қилган эди. Бу нашр эса, “Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқовга таяниб, kun.uz маълумот берган.

Олдинроқ Озодлик "Халқ сўзи"га таяниб, GM Uzbekistan ширкати Ўзбекистон бозори учун ишлаб чиқарган автомобиллар нархи 10-12 фоизга ошираётгани ҳақда хабар қилган эди.

"Ҳозирча аниқ миқдор маълум эмас. Лекин нархлардаги ўзгариш 10-12 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда", деган эди манба.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир кун олдин компаниянинг Россия бозори учун чиқариладиган Ravon бренди автомобилларининг учтасида нархлар оширилганди.

"GM-Ўзбекистон" қўшма корхонаси йилига 150 мингдан зиёд автомобиль ишлаб чиқаради.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бу автомобилларнинг 40 фоизи МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

Ўзбек автомобилининг асосий импортчиларидан бири Россиядир.