Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари 19 октябрь куни қатор озиқ-овқат маҳсулотларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишган. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.
Қуйи палата депутатлари томонидан қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 10 октябридан 31 декабригача гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш бўйича айланмалари ҚҚСдан озод қилинади.
Қонун лойиҳасини қабул қилишдан мақсад гўшт ва картошканинг нархини арзонлаштириш экани иддао қилинган. Ҳужжат Сенатга маъқуллаш учун юборилган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, сентябрь ойида товуқ гўшти 1,9-2,8 фоизга, қўй ва мол гўшти 1,8 фоизга, картошка эса 7,8 фоизга қимматлаган.