Словения Голодоморни украин халқи геноциди сифатида тан олди

Голодомор, Харьков. Украина ССРда очликдан 4 миллион киши вафот этган.

Словения парламенти 1932-1933 йилларда Украинада юз берган очликни украин халқини геноцид қилиш сифатида тан олди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг твиттерида маълум қилинди.

Украинада Голодомор деб аталадиган 1932-1933 йиллардаги очлик расман геноцид сифатида тан олинган. Украина тарихи институтининг билдиришича, Украина ССРда очликдан 4 миллион киши, Совет Иттифоқининг бошқа ҳудудларида эса камида 3 миллион киши ўлган. Ҳар йили ноябрнинг сўнгги шанбаси Украинада Голодомор қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланади.

Кўпчилик тарихчилар 1932-1933 йиллардаги очлик СССР ҳукумати, жумладан, Сталин томонидан махсус уюштирилган деб ҳисоблайди. Тарихчиларнинг яна бир қисми эса очлик коммунистик партия олиб борган нотўғри сиёсат оқибатида юзага келганини айтиб келади.

АҚШ Сенати 2018 йилда Голодоморни геноцид деб тан олган. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Бельгия, Ирландия, Руминия, Молдова, Чехия, Германия, Исландия, Франция ҳам Голодомор украин халқини геноцид қилиш бўлганини тан олди. 2022 йилнинг декабрида Европарламент ҳам бу борадаги резолюцияни маъқуллади.

Жорий йилнинг май ойида НАТО Парламент ассамблеяси Россиянинг Украинага босқинини геноцид сифатида эълон қилди ва Владимир Путинга нисбатан суд ўтказиш учун махсус халқаро трибунал ташкил этилишини қўллади.

НАТО Парламент ассамблеяси резолюциясида Россияда террорчилик режими ҳукумронлик қилаётгани ва бу режимнинг номи “рашизм” экани қайд этилган.