Москванинг Таганск туман суди YouTube портали Россиянинг Украинага босқини тўғрисида маълумот бераётгани учун Google ширкатини 21,77 миллиард рубль (373 миллион доллар) миқдорида жаримага тортди.
18 июлдаги суд қарорида айтилишича, Google “мунтазам равишда Россия ҳукумати томонидан тақиқланган контентни ўчиришдан бош тортиб келган”.
Суд қарорида бу Google ширкатига солинган иккинчи жарима экани ва унинг миқдори ширкат Россияда топадиган даромаднинг ўндан бирига тенглиги қайд этилган.
Роскомнадзор 22 июнь куни Россия ҳукумати талабларини бажаришдан бош тортаётгани учун Googleга қарши судга даъво аризаси киритганини билдирганди. Илк бор Роскомнадзор март ойида Googleдан Украинадаги урушга оид маълумотларни YouTube порталидан ўчиришини талаб қилган.
Апрель ойида эса Роскомнадзор бу талабни бажармагани учун ширкатга 11 миллион рубль (188 500 доллар) жарима солган.
Роскомнадзор иддаосича, Google ширкатига тегишли YouTube портали Россиянинг Украинага босқини тўғрисида “фейк маълумотлар тарқатувчи асосий платформага айланган”.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Кремль уруш тўғрисида ўз расмий позициясини ифода этувчи маълумотлардан ташқари бошқа хабарлар беришни тақиқлаб қўйган эди.
18 май куни Google Россиядаги шўъбаси банкрот бўлганини расман эълон қилди.