Google корпорацияси Россияда YouTube видеохостингига киришда юзага келаётган муаммоларга алоқаси борлигини рад этди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар қилди.
“Россияда айрим одамлар YouTube кира олмаётгани бизга маълум. Бу ҳеч қанақа техник муаммо ёки биз томонимиздан бирор-бир ҳаракат натижаси бўлиб ҳисобланмайди”, дея билдирган Google вакиллари нашрга.
Биринчи августдан бошлаб россиялик YouTube фойдаланувчилари ёппасига хизмат фаолиятида узилишларга дуч келишмоқда: видео секин юкланяпти ёки умуман юкланаётгани йўқ. Ўтган бир сутка мобайнида “Сбой.рф” портали 14 мингдан зиёд шикоятни қайд этган – шикоятларнинг энг кўпи Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари ва Краснодар ўлкасидан келган.
Июль ойи ўрталарида “Ростелеком” ширкати “Google’нинг Россиядаги серверлари эскиргани” туфайли YouTube Россияда ёмон ишлашни бошлаши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Хусусан, провайдер “техник муаммолар Россиядаги барча операторлар мижозлари гаджетларида YouTube’да роликлар юкланиши ва тасвир сифатига” таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этган. Қатор экспертлар “Ростелеком” изоҳига шубҳа билан қарашган.
Бир ҳафта аввал эса (25 июль куни) Давлат думаси депутати Александр Хинштейн “аксилроссия сиёсати” туфайли YouTube иши 70 фоизга секинлашиши мумкинлигига оид тахминлари билан ўртоқлашган. Унга кўра, бу “мажбурий қадам” ҳозирча YouTube’нинг дестоп версиясигагина тааллуқли бўлади.
“Коммерсантъ” томонидан сўралган экспертлар YouTube ишида шу кунда кузатилаётган узилишлар расмийларнинг ўша режасининг амалга ошиши, дея тахмин қилмоқдалар.
Россиядаги алоқа операторлари нашрнинг видеохостинг билан боғлиқ муаммо сабабларига тўғридан-тўғри жавоб беришдан бош тортишган. “Роскомнадзор” ташкилоти ҳам вазият юзасидан изоҳ берган эмас.