4 октябрь куни АҚШ Давлат департаменти 2018 йилги Diversity Visa (Green Card) учун ариза қабул қилиш жараëнини бошлади. Green Card лотереяси эълон қилиниши билан Ўзбекистонда яна ўртакашлар ҳаракатга тушгани кузатилмоқда. Ушбу жараён мутлақо бепул бўлишига қарамасдан турли сайтлар орқали ўз “ёрдамлари”ни таклиф қилувчилар гуруҳларини бу йил ҳам учратиш мумкин.
Green Card орзусида бўлган тошкентлик аёлнинг айтишича, анкета тўлдириш учун Самарқанддан ўртакаш топган ва унинг ёрдамида лотереядан ютиш умидида:
“Бир танишим икки йил олдин ўша самарқандлик киши ёрдамида Грин Карта ютиб олди. Мен уни телефон орқали топиб, учрашиб, гаплашдим. Анкетамизни ўзи тўлдириб жўнатар экан. Пул олмади. “Анкета тўлдириш текин” деди. “Лекин ютуқ чиқса, кейинги жараён учун 4500 доллар берасизлар” деди. Умид қилиб ўтирибмиз”, деди исмини очиқламасликни сўраган тошкентлик аёл.
Green Card ютиш учун “ёрдам қўлини чўзувчи” ўртакашлар Самарқандда анча экани айтилади.
Озодлик мухбири Интернет орқали шундай ўртакашлардан бирини топиб, у билан телефон орқали боғланиб, мижоз сифатида ундан маслаҳат сўради:
“Анкета тўлдириш жараёни бепул. Бир сўм ҳам пул олинмайди. Бу бизнинг рекламамиз сифатида. Сизга бепул хизмат қилиб, ўзимизни реклама қилаяпмиз. Ютуқ чиққач, бизнинг клентимиз бўлиб қолишингиз учун. Агар сизга ютуқ чиқса, ҳужжатларни тўплаш ва элчихонадан суҳбатдан ўтишда кўрсатиладиган кўмак учун пул оламиз. Ушбу жараён бўйича маслаҳат берамиз. Ўзимиз ҳужжатларни йиғамиз. Бунинг учун оила аъзолари сонидан келиб чиқиб нарх белгилаймиз. Тахминан 3500-4000 доллар бўлади”, деди Green Card бўйича маслаҳат берувчи йигит.
Самарқандлик блогер-журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг Озодликка айтишича, шу кунларда Green Card билан боғлиқ фирибгарликлар бўйича мустақил текширув ўтказмоқда.
Унинг ўрганишича, Самарқандда лотереяни тўлдириш учун ҳаракатлар аслида ёзда бошланган ва 4 октябрдан анкеталарни компьютер орқали жўнатиш жараёни кетаяпти:
- Грин карта бўйича анкета тўлдирувчи фирмалар ёз давомида Самарқандда ишлади. Ўзимизни маҳаллага, уйимизга 2-3 фирмалардан "Грин карта ўйнайсизларми?", деб келишган. Албатта улар норасмий фирмалар. Улар турли-хил ишлар билан шуғулланишлари мумкин. Лекин Грин карта тўлдириш бу улар учун қўшимча даромад манбаи. Агар Грин карта чиқса агар, Грин картанинг коди ўша фирманинг қўлида бўлади. Фирма ўша одамларни чақириб, "Мана Грин карта ютдингиз, агар бормоқчи бўладиган бўлсангиз, бизга мана шунча берасиз", деб катта миқдордаги пулни айтади. 10 миллионми- 15 миллионми (сўм демоқчи.- таҳр). Чунки бу одамлар одатда инглиз тилини билмайди, компьютер билан ишлашни кўплар билмайди. Шунинг учун мажбур бўлиб, пулни тўлаб, кейин жараённи давом эттиради, - деди Раҳматуллаев.
Тошпўлат Раҳматуллаев тахминича, ҳужжатларни таржима қилиш билан шуғулланадиган ширкатлар Green Card фирибгарлигига аралашган.
АҚШ Давлат департаменти¸ хусусан¸ АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси фуқароларни Green Card билан боғлиқ турли фирибгарлик схемаларидан узоқ туриш¸ хусусан¸ ўртакаш ширкатларнинг пуллик хизматидан фойдаланмасликни тавсия қилади.
Озодлик икки йил аввал ўтказган журналистик суриштирув натижасида¸ хусусан¸ Самарқанддаги ўртакаш ширкатларнинг фуқаролар шахсий маълумотларини улар рухсатисиз ўғирлаб¸ Green Card лотереясига жўнатиши¸ ютуқ чиққанларга бу ютуқни тасдиқловчи махсус кодларни 10 минг долларгача бўлган “суюнчи” эвазига пуллаши аниқланган эди.
Лекин Ўзбекистонда шу пайтгача Green Card фирибгарликлари бўйича бирор одамга жазо берилгани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.
Green Card нима ўзи?
1990 йилда Конгресс томонидан қабул қилиниб¸ 1995 йилдан кучга кирган Иммиграция Актига мувофиқ¸ муҳожирлар асос солган АҚШга ҳар йили 55 минг хориж фуқаросининг қонуний келиб¸ яшаб ва ишлашига рухсат этилган.
Бундай рухсат эса¸ АҚШ Давлат департаменти ҳар йилнинг октябрь ойида эълон қиладиган бир ойлик жараëн давомида Green Cardга мурожаат қилган миллионлаб одам орасидан қуръа ташлаш йўли билан ютганларга келаси йил май ойида тақдим этилади.
Кейинги бир неча йил мобайнида йилига 5000 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси¸ Green Card соҳиби сифатида АҚШга кўчиб кетмоқда. Лотереяни ютганлар баробарида улар бевосита оила-аъзоларининг ҳам АҚШда яшаш ҳаққини қозониши инобатга олинса¸ Green Card билан кўчиб кетаëтган ўзбекистонликлар сонининг йилига бир неча ўн мингга етишини тахмин қилиш мумкин.
АҚШ Green Cardига қандай мурожаат қилиш керак?
Ушбу саволга OzodJavobнинг махсус сонида батафсил тўхталганмиз.