Темир йўлдаги ҳалокат ортидан Греция транспорт вазири истеъфо берди

1 мартга ўтар кечаси Грецияда йўловчи ташувчи поезд Лариса шаҳри яқинида юк ташувчи поезд билан тўқнашиб кетган.

Камида 38 киши ҳалок бўлган темир йўлдаги ҳалокат ортидан Греция транспорт вазири Костас Караманлис истеъфо берди.

У истеъфога кетиши “виждон амри” эканини ва “бунинг билан ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат кўрсатиш учун энг оз иш қилган бўлиши”ни айтди. Вазирга кўра, у ҳукуматнинг “кўп йиллардан бери йўл қўйган хатолари учун масъулиятни” ўз зиммасига олмоқда.

Воқеа жойига борган Греция бош вазири Кириакос Мицотакист ҳалокатга сабаб бўлган ҳолатлар тўлиқ тергов қилинишини билдирди.

1 мартга ўтар кечаси Грецияда Афинадан Салоникига қараб ҳаракатланаётган йўловчи ташувчи поезд Лариса шаҳри яқинида юк ташувчи поезд билан тўқнашиб кетгани оқибатида камида 38 киши ҳалок бўлди, 85 киши жароҳатланди. 20 йўловчи эса бедарак.

Айрим хабарларда Лариса темир йўл станцияси бошлиғи қотиллик ва эҳтиётсизлик натижасида кўплаб кишиларга жароҳат етказишда айбланиб қўлга олинган. У ўзига билдирилган айбловни тан олган эмас ва тўқнашувга техник носозлик сабаб бўлганини билдирмоқда.

Бу воқеа Греция янги тарихидаги энг мудҳиш ҳодиса бўлди. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.