“Грозний” телерадиоширкати раҳбари Рамзан Қодировни танқид қилувчиларга ўлим билан таҳдид қилди

"Грозний" Чеченистон давлат телерадиоширкати директори Чингиз Аҳмадов

Давлатга қарашли “Грозний” телерадиоширкати директори Чингиз Аҳмадов Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг танқидчилари ва душманларини ўлдиришга ваъда берди.

Аҳмадов “Инстаграм”да чечен тилидаги ёйинлаган мазкур видеобаёнотини Кавказ.Реалии нашри рус тилига ўгириб, эълон қилган.

“Грозний” ЧДТРШ директори фикрича, Қодировнинг ҳар қандай душмани чечен халқининг ва шахсан унинг душманидир. “Кимнидир ўлдириш керак бўлса, ўлимга муносиб одам бўлса, ўлдирамиз. Кимнидир уриш лозим бўлса, урамиз”, деган Аҳмадов ўз видеосида.

“Грозний” телерадиоширкати ўз эфири орқали Рамзан Қодировнинг танқидчилари камера қаршисида Чеченистон раҳбаридан кечирим сўрагани акс этган лавҳаларни мунтазам намойиш этиб келади.

Май ойи охирларида TikTok ижтимоий тармоғида Қодировни “шайтон” деб атаган тулалик “Андрей Бушмелёв” тахаллусли блогернинг узр сўраб чиққани ТВ орқали кўрсатилган. Блогер ўша видеосида барча ёшларни Чеченистон раҳбари шаънига ҳақоратли сўзларни айтишдан эҳтиёт бўлишга чақирган эди.

Бу воқеадан сал аввалроқ пермлик бир ўсмир ва Москва вилоятининг Чехов шаҳрида яшовчи асли доғистонлик 15 яшар йигитчанинг қариндошлари омма олдида Рамзан Қодировдан кечирим сўраган — улар иккиси ҳам ижтимоий тармоқларда Қодировни “шайтон” деб атаганди.

Кавказ.Реалии маълумотига кўра, Чеченистон раҳбарига қарши чиқувчи россияликларга чора кўриш вазифаси республикадан ташқарида яшовчи чечен диаспораси зиммасига юклатилган. Улар Рамзан Қодиров ва унинг оила аъзолари ҳақидаги оммавий фикр-муносабатларни мониторинг қилиб, уларнинг муаллифларини қидириб топиш билан ҳам шуғулланади. Чеченистоннинг ўзида эса бунақа ишлар “тизимли йўлга қўйилган”, деб ёзади нашр.