Грузия ИИВ: Норозилик акциясига чиққанлардан 60 дан зиёди ушланди

"Хорижий агентлар"га оид қонунга қарши Тбилисидаги акциядан лавҳа, 2024 йил 30 апрели

Грузия парламенти биноси олдидаги “хорижий агентлар”га оид қонуна қарши митингни тарқатишда 63 киши қўлга олинган. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Тбилисида 30 апрель оқшомида полиция махсус бўлинмаси “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасига қарши акция иштирокчиларга нисбатан махсус воситаларни қўллаган. Грузия мухолифати мазкур қонун лойиҳасини Россиядаги “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунининг муқобили эканини айтмоқда.

Хабарларга кўра, кеча митингчилар билан тўқнашув чоғида полиция сувотарлар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишга солган. Тўқнашув ортидан 20 дан зиёд мухолифат фаоли Руставели шоҳкўчасида навбатчилик қилаётган “тез ёрдам” врачларига мурожаат қилган. Жабрланганлар кўзлари қисман кўрмай қолганидан шикоят қилишган.

Маълумотларга мувофиқ, ИИВ махсус бўлинмалари митингчиларни парламенти биноси яқинидаги майдондан сиқиб чиқаришган. Тўқнашув чоғида ўндан зиёд одам қўлга олинган. ИИВ акция иштирокчилари “полициячиларга қарши куч қўлланиб, сўз ва фикр эркинлигини ифода қилиш меъёрларидан ташқарига чиқишган”ини билдирган.

30 апрель куни Грузия парламенти оммавий норозилик чиқишларига сабаб бўлган “хорижий агентларга қарши” қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилолган эмас. Мунозаралар ярим тунгача давом этгани ортидан муҳокама 1 майга қолдирилган. Митинг иштирокчилари парламент биносидан чиқишларнинг барчасини тўсиш ва “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси вакиллари учун “шармандалар йўлаги” ташкил қилишга урингани ортидан депутатлар бинодан полициячилар кордони кузатувида олиб чиқилган.

Норозилик тадбирида Михаил Саакашвилининг “Бирлашган миллий ҳаракат”, “Лело” партияси ва мухолифатнинг бошқа кучлари иштирок этган. Улар “Россия қонуни”нинг қабул қилиниши фуқаролик жамиятига қарши қатағонлар машруълаштирилишига, Грузияни Ғарб томон йўлдан бошқа ёққа буриб юборилишига ва “Россия томонидан ютиб юборилиши”га сабаб бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Қонун лойиҳаси танқидчилари Кремль бу каби ҳужжатдан ўз мухолифларининг унини ўчириш учун фойдаланаётганини урғулаганлар. Ғарб мамлакатлари Грузия парламентида муҳокама қилинаётган чора фуқаролик жамиятини назорат қилишга қаратилганидан огоҳлантирмоқда.

29 апрель куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоларидан икки нафари — Жерри Коннолли ва Остин Скотт Грузия расмийларини “ўз халқига қулоқ тутиш” ва баҳсли қонун лойиҳасини қабул қилишдан воз кечишга чақирган. Бунгача АҚШ Давлат департаменти ва бир гуруҳ сенаторлар ҳам шу мазмундаги чақириқ билан чиқишган эди.

“Путин хорижий агентлар тўғрисидаги бу қонундан Россияда сўз эркинлигини кескин чеклаш, фуқаролик жамиятини қарийб йўқ қилиш ҳамда ўзининг диктаторлик бошқарувини янада мустаҳкамлаш учун фойдаланди”, дея таъкидлашган Жерри Коннолли ва Остин Скотт ўз баёнотларида.

“Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ташаббуси билан парламентда кўриб чиқилаётган “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши кўп минг кишилик норозилик акциялари бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда. Бу ҳақда Озодлик аввал ҳам бир неча марта хабар қилган.