Грузия парламенти 1 май куни “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Мухолифат бу лойиҳани Россиядаги “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонуннинг муқобили деб атамоқда.
Қайд этилишича, “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси вакиллари ва уларнинг иттифоқчилари бўлган 150 депутатдан 83 нафари ҳужжат қабул қилинишини ёқлаб овоз берган. Мухолифатчи депутатлар овоз беришда иштирок этишмаган. Шу тариқа, овоз бериш натижаси биринчи ўқишдаги овоз бериш натижаси билан бир хил бўлган.
Қонун лойиҳаси тўла маъқулланиши учун у учинчи ўқишда ҳам қабул қилиниши зарур. Учинчи ўқиш бўйича овоз бериш 17 май куни ўтказилиши кутилмоқда.
Тбилисидаги парламент биноси олдида 1 май оқшомида яна қонун лойиҳасига қарши чиқаётган одамлар йиғилган. Парламент биноси олдидаги бутун ҳудуд митингчилар билан тўлган. Улар бинога кириш йўлини тўсиб қўйишган. Гувоҳларга кўра, полиция митингни тарқатишни бошлаб, намойишчиларга қарши аччиқ газ ва сувотарларни ишга солган.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили қонун лойиҳасига қарши эканини айтаркан, намойишчиларни парламент эшиги олдидан чекинишга чақирган.
Тбилисидаги намойишлар расмийлар қонун лойиҳасини қабул қилиш ниятини очиқлагани ортидан бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда.
Иккинчи ўқишда қонун лойиҳасига оид мунозаралар икки кун давом этган ва анча кескин кечган. Парламент спикери Шалва Папуашвили мухолифатдаги депутатлардан тўрт нафарини залдан чиқариб юборган. Депутатлар ўртасида тўқнашув ҳам кузатилган.
Тбилисида 1 майга ўтар кечаси ҳам полиция намойишчиларга қарши махсус воситалардан фойдаланган эди. Митингни тарқатиш учун полиция сувотарлар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишга солгани ортидан 20 дан зиёд мухолифат фаоли Руставели шоҳкўчасида навбатчилик қилаётган “тез ёрдам” врачларига мурожаат қилганди. Расмийлар ўшанда полициячилардан олти нафари жароҳат олгани ҳақида маълум қилишган.
ИИВ маълумотига кўра, митингни тарқатиш чоғида намойишчилардан 63 нафари қўлга олинган. Вазирлик акция иштирокчилари “полициячиларга қарши куч қўлланиб, сўз ва фикр эркинлигини ифода қилиш меъёрларидан ташқарига чиқишган”ини билдирган.
Қонун лойиҳаси танқидчилари Кремль бу каби ҳужжатдан ўз мухолифларининг унини ўчириш учун фойдаланаётганини урғулаганлар. Ғарб мамлакатлари Грузия парламентида муҳокама қилинаётган чора фуқаролик жамиятини назорат қилишга қаратилганидан огоҳлантирмоқда. Михаил Саакашвилининг “Бирлашган миллий ҳаракат” партияси тарафдорлари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролик жамиятига қарши қатағонлар машруълаштирилишига, Грузияни Ғарб томон йўлдан бошқа ёққа буриб юборилишига ва “Россия томонидан ютиб юборилиши”га сабаб бўлиши мумкинлигини иддао қилишмоқда.
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқиши бўйича овоз бериш 17 апрель куни бўлиб ўтган. Ҳукмрон партия сиёсатини ёқламаётган президент Саломе Зурабишвили, қонун лойиҳаси учинчи ўқишда ҳам қабул қилинган тақдирда, унга вето қўйишини билдирган. Бироқ ҳукуматда президент ветосини рад қилиш учун етарлича овоз мавжуд.
Баҳсли қонун лойиҳаси ўз молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан олаётган ташкилотлар ва фуқаролар гуруҳидан “хорижий агент” ўлароқ рўйхатдан ўтишни талаб қилади.
Ўтган йил декабрида Грузияга Европа Иттифоқи аъзолигига номзод ўлка мақомини берган ЕИ “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши Евроиттифоқ қадриятларига уйғун эмаслиги ва мамлакатнинг ЕИга аъзо бўлиш умидларини пучга чиқаришини билдирган.