Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили танқидчилар Россиянинг хорижий агентларга оид қонуни нусхаси деб ҳисобловчи “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Бу ҳақда у 3 июнь куни Тбилисида ўтказилган брифингда маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси.
Грузия мухолифати мазкур қонун лойиҳасига қарши овоз берган, мухолифат тарафдорлари эса норозилик акциялари уюштиришган. Ҳужжат Ғарб мамлакатлари томонидан кескин танқид қилинган. Ҳужжатга мамлакат президенти Саломе Зурабишвили томонидан вето қўйилган, у қонунни имзолашдан бош тортган. Бироқ “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси парламентдаги етарли овоз билан президент ветосини айланиб ўтишга муваффақ бўлган.
Янги қонунга мувофиқ, шу йил августиданоқ 2023 йил маълумотларига кўра даромадининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан олган оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлари хорижий кучлар манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ўлароқ рўйхатдан ўтишни бошлашлари лозим. Бу талаб Грузияда асосан ғарб жамғармалари билан бирга ишлайдиган онлайн-нашрлар ва НҲТларнинг аксариятига дахлдор бўлади, дея қайд этган “Эхо Кавказа”.
Муаллифлар ҳужжатда репрессив чоралар йўқлиги ва нотижорий сектордаги ташкилотлар шаффофлигини оширишга мўлжалланганини таъкидлашмоқда. Улар қонун Россиянинг эмас, АҚШ қонунчилиги меъёрларига ўхшашлигини иддао қилишяпти.
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан Қўшма Штатлар ва Грузия ўртасидаги алоқалар қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирган. Ҳужжат имзоланганидан кейин Европа Иттифоқи мамлакатларининг қатор вакиллари Грузиядан ЕИга аъзоликка номзод мамлакат мақомини қайтариб олиш ҳамда Тбилиси билан визасиз тартибни бекор қилишга чақиришган.