Грузия президенти Саломе Зурабишвили мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортди ва норозилик чиқишларига ҳозирлик кўрилаётганини билдирди.
Зурабишвили Грузияда “Россия сайлови” бўлиб ўтгани, “сохталаштиришларни ювиб ташлаш” учун эса янги технологиялардан фойдаланилганини билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси.
Грузия президенти 28 октябрь оқшомида Тбилиси марказий кўчаларидан бирида жойлашган парламент биноси олдида митинг бўлиб ўтишини қўшимча қилган.
Аввалроқ “Бирдамлик – Миллий Ҳаракат” коалицияси ўз депутатлик мандатларидан воз кечишини эълон қилган эди. Партия раиси Тина Бокучава “Бирдамлик – Миллий Ҳаракат” сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирган. Унга кўра, “Грузия орзуси” партиясининг ғалабаси “Грузия халқига қарши Россия йўсинида амалга оширилган махсус амалиёт”дир.
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ижтимоий тармоқларда фуқароларни “катта норозилик намойиши”га чақирган.
“Биз бутун дунёга эркинлик учун курашаётганимизни ва адолатсизликка бўйин эгиб ўтирмаслигимизни кўрсатишимиз лозим. Вақт жуда кам!” деб ёзган у.