Грузияда мухолифат Саакашвилини озод қилиш талаби билан норозилик акцияси бошламоқда

“Ягона миллий ҳаракат” мухолифат партияси лидери Ника Мелия

Грузиядаги “Ягона миллий ҳаракат” мухолифат партияси лидери Ника Мелия 2 ноябрь куни мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвили сақланаётган Рустави қамоқхонаси олдида уни озод қилиш талаби билан муддатсиз норозилик акцияси бошланишини эълон қилди.

Мухолифатчи Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали акция маҳаллий вақт билан кечки соат бешда бошланишини билдирган. Унга кўра, норозилик тадбири собиқ президент қамоқхонадан озод қилингунига қадар давом этади.

Михаил Саакашвили маҳаллий сайловлар олдидан жорий йилнинг 1 октябрида Грузияга қайтиши биланоқ ҳибсга олиниб, Руставидаги қамоқхонага йўлланганди. Унинг қамоқхонада очлик эълон қилиш ортидан мамлакатда сиёсий инқироз кучайган.

Саакашвили ташаббуси билан тузилган “Ягона миллий ҳаракат” партияси аввалроқ 30 октябрь куни ўтказилган сайловнинг иккинчи босқичи натижалари “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси фойдасига сохталаштирилганини иддао қилган. Дастлабки натижаларга кўра, “Грузия орзуси” маҳаллий сайловларда 20 та муниципалитетдан 19 тасида ғалаба қозонган.

Саакашвили Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали “Ягона миллий ҳаракат” сайловда ғолиб бўлгани, бироқ “Грузияда ҳокимиятни ўзлаштириб олган безорилар тўдаси” ундан ғалабани тортиб олганини билдирган. У “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси қўлидан “ҳокимиятни қайтариб олиш” учун фуқароларни норозилик намойишларига чиқишга чақирган.

Саакашвили очлик эълон қилганига бугун 33 кун бўлди. Facebook'даги саҳифаси орқали маълум қилишича, у вақт оралиғида қарийб 20 килограмм вазн йўқотган.