Грузияда полиция норозиларга қарши махсус воситалар қўллади

Грузия президенти Саломе Зурабишвили Тбилисидаги норозилик акциясида, 2024 йил 28 ноябри

Тбилисида Ички ишлар вазирлиги ходимлари евроинтеграциянинг тўхтатилишига қарши парламент биноси олдида норозилик акцияси ўтказаётган намойишчиларга қарши махсус воситалардан фойдаланган. Озодликнинг грузин хизмати хабарига кўра, полиция норозиларга қарши кўзни ачиштирувчи спрей қўллаган бўлиши мумкин.

Спрей бошқа намойишчилар каби сиёсатчи Леван Гогичаишвили ва “Пирвели” телеканали тасвирчиси юзига ҳам сачраган. Полициячилар норозилар оломонига қарата тутун чиқарадиган шашкалар ортган. Намойишчилар билан тўқнашувлар бўлиб ўтган. Полиция иддаосича, ИИВнинг бир ходими касалхонага ётқизилган.

29 ноябрга ўтар кечаси парламент биноси олдида вазият таранглаша бошлаган. Намойишчиларга нисбатан куч қўллаган полиция ходимлари уларни тутиб кета бошлаган. Қўлга олинганлар орасида ОАВ ходимлари ҳам бор. Ниқоб таққан ИИВ ходимларидан бири жонли ёйинда вазиятни ёритаётган Озодлик журналисти Давид Цагарелига ҳужум қилган.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 7 ларга бориб полиция кучлари Тбилисининг Руставели шоҳкўчасини эгаллаб, Республика майдони олдида намойишчиларни қўлга олишни давом эттиришган.

Парламент биноси олдида 28 ноябрь оқшомида бошланган акцияда президент Саломе Зурабишвили ҳам иштирок этган. Paper Kartuli’нинг ёзишича, у полициянинг махсус топшириқлар бажарувчи ходимларига мурожаат қилган.

Сиз Россияга хизмат қиляпсизми ёки Грузиягами? Сиз кимга онт бергандингиз? Мени сизлар берадиган жавоб қизиқтиряпти. Сиз президентга жавоб бермаяпсизми? Сиз келажак ҳақида ўйламаяпсизми? Мамлакат ҳақида, болалар ҳақида ўйламаяпсизми?” дея савол ташлаган президент Зурабишвили.

Тбилисидаги намойишларда, турли ҳисоб-китобларга кўра, 10 мингдан 20 минг нафаргача киши иштирок этган бўлиши мумкин. Грузиянинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам митинглар бўлиб ўтган. Намойишчилар расмийлардан Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни тўхтатиш қарорини қайта кўриб чиқишни талаб қилишмоқда.

Аввалроқ бош вазир Ираклий Кобахидзе Грузия камида 2028 йил охиригача Европа Иттифоқига киришга оид музокаралардан бош тортиши ва ЕИ томонидан бериладиган бюджет грантларидан бош тормоқчи эканини билдирган эди.

Бунга жавобан Зурабишвили бугунги кунда “конституциявий тўнтариш ва Европа томондан Россия томонга ҳаракат қилиш поёнига етгани”ни билдирган.

“Ҳукумат ўз халқига уруш эълон қилди. Бугун бу чақириқ қаршисида ё биргаликда қарши турамиз, ёки ҳеч биримиз бўлмаймиз”, деган Зурабишвили евроинтеграция тарафдорларига қилган мурожаатида.

Ҳукуматнинг евроинтеграцияни тўхтатишга оид қарори олдидан Европарламент 28 ноябрь куни Грузиядаги парламент сайлови натижаларини тан олмаслиги қайд этилган резолюцияни тасдиқлаган эди. Ҳужжатда Грузияда бўлиб ўтган сайлов халқаро стандартларга ҳамда Тбилисининг эркин ва ҳалол овоз беришни уюштириш мажбуриятларига мувофиқ бўлмагани айтилган.

Октябрь ойида Европа кенгаши Грузиянинг ЕИга интеграцияси ҳукмрон “Грузия орзуси” хатти-ҳаракатлари туфайли феълан тўхтатилгани ҳақида эълон қилган эди. Парламент сайловида ғолиб чиққани айтилаётган “Грузия орзуси”ни мухолифат “россияпараст партия” деб ҳисоблайди.