Грузияда фуқароларнинг 69 фоизи Россияни ўз мамлакатининг душмани, деб ҳисоблайди. “Кавказский барометр — 2024” тадқиқоти доирасида ўтказилган сўров натижалари шундан далолат бермоқда.
Мазкур кўрсаткич йилдан-йилга ўсиб бормоқда: 2021 йилдаги шу каби тадқиқотда грузияликларнинг 66 фоизини Россияни асосий душман деб билиши маълум бўлган. 2019 йили бу кўрсаткич 49 фоизни, 2017 йилда 40 фоизни, 2012 йилда эса 35 фоизни ташкил қилган эди.
Сўров чоғида сўралганларнинг бор-йўғи тўрт фоизи АҚШни Грузиянинг асосий душмани деб билишини айтган. Туркияни душман деб биладиганлар сони эса бундан ҳам икки баравар (бор-йўғи 2 фоиз) кам.
Бошқа томондан эса сўралганларнинг 24 фоизи АҚШни Грузиянинг энг яқин дўсти деб билишини айтган. Дўст мамлакатлар орасида иккинчи ўринни Озарбайжон (8 фоиз), учинчи ўринни Украина (7 фоиз) эгаллаган. Улардан кейин дўст мамлакатлар ўлароқ Туркия, Германия ва Арманистон кабилар саналган. Сўралганларнинг икки фоизигина Россияни Грузиянинг дўсти деб билишини айтган.
Айни пайтда сўралганларнинг чорак қисмидан кўпроғи (26 фоиз) Грузиянинг умуман дўсти йўқ, деган фикрда.
Сўров юзма-юз интервью шаклида жорий йилнинг 16 апрелидан 13 майида Грузиянинг бутун ҳудудлари бўйлаб ўтказилган, бироқ ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилган Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудлари бундан мустасно.
Сўровда жами 1509 киши иштирок этган, улар орасида арманлар зич яшайдиган Самцхе-Джавахети ҳамда озарбайжонлар зич яшайдиган Квемо Картли ўлкалари ҳам бўлган. Сўров грузин, армани ва озарбайжон тилларида олиб борилган.