18 октябрь куни Британияда инглиз тилида чиқадиган The Guardian нашри ҳам инглиз¸ ҳам ўзбек тилида чоп этган мақола "Мен қутида яшашни истамайман: Одамлар Тошкент обод бўлиши учун ўз уйидан кўчирилмоқда" деб номланди.
Guardian Cities лойиҳаси доирасида ҳозирланган бу мақола Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июль куни қабул қилган «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган Tashkent City - Тошкент Сити лойиҳасининг унга ажратилган ҳудудда яшаб келган оддий одамлар ҳаëтига таъсирига бағишланган.
Мақоланинг ўзбек тилидаги тўлиқ матни¸ Guardian Cities таҳририяти рухсати билан чоп этилмоқда.
Суратлар муаллифи Secret Stans махсус лойиҳаси доирасида Тошкентга саëҳат қилган Joanna Lillis.
*****************************************************************
Тошкент-Ситида ҳашаматли меҳмонхоналар, хонадонлар ва офислар жойлашадиган кумушранг осмонўпар биноларни қуришдан мақсад Ўзбекистон пойтахтини бизнерс учун очиқ деб эълон қилишдир. Бироқ тараққиёт шаҳарнинг тарихий маҳаллаларида яшовчи аҳоли учун қимматга тушади.
Абдужалил Азимов стулда ўтириб олиб, радиоприёмнигидан ўзбек эстрада қўшиғини тингламоқда, унинг қўйлари эса кунботар пайти Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри марказидаги майсазорда бемалол ўтлаб юрибди.
Олд тарафда муҳташам янги хонадонлардан иборат кўзни қамаштирувчи оқ мармар уйлар қад ростлаган. Азимовнинг орт тарафида Олмазор маҳалласи, унинг бетартиб қуриб ташланган пахса уйлари кўзга ташланади. Бу уйлар бир вақтлар Буюқ ипак йўли манзилларидан бири бўлган Марказий Осиё шаҳрининг кўҳна тарихини гавдалантирарди.
Бу киши заводда ишлаб, 60 ёшида пенсияга чиққан. Отаси, буваси ва катта буваси сингари у ҳам Олмазор маҳалласида туғилган.
- Катта бувам 1934-йили 106 ёшида қазо қилган, – дейди у ғурур билан.
Бироқ ота-боболаридан фарқли равишда Азимовга (бу – унинг тахаллуси, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида исми ўзгартирилди) туғилиб ўсган жойида умрининг охиригача яшаш насиб этмайди: Олмазор маҳалласини бузиш режалаштирилмоқда. Умр йўлдоши, фарзандлари ва беш невараси билан яшаётган уйи бошқа юзлаб уйлар қатори бузиб ташланади.
Улар яшаб турган жойда осмонўпар ва кумушранг бинолар қад кўтаради ва уларда бизнес марказлари, ҳашаматли хонадонлар, меҳмонхоналар, офислар ва дам олиш объектлари жойлашади. Ҳукумат шу тариқа Тошкентни халқаро харитадаги кўзга кўринадиган жойлардан бирига айлантирмоқчи.
Бир йил олдин диктатор ўтмишдоши Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг ҳокимиятни эгаллаган президент Шавкат Мирзиёев эълон қилган Тошкент-Сити деб аталувчи иддаоли лойиҳа чет эллик сармоядорларни жалб этувчи оҳанрабо вазифасини ўтайди. У Ўзбекистон пойтахтини Марказий Осиё ва бошқа минтақалар учун бизнес марказига айлантириш йўлидаги иқтисодий инқилобга йўл очиб беради.
Тошкент минтақадаги энг йирик ва аҳолиси энг кўп шаҳар бўлиб, бу ерда 2,4 миллион киши истиқомат қилади. Шаҳар Россия ва Совет мустамлакаси даврида Марказий Осиёнинг сиёсий ва маданий маркази бўлган. 1991-йили СССР тарқаб кетиб, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг узоқ йиллар раҳбарлик қилган Каримовнинг ўлимига қадар пойтахт ғафлат уйқусидаги овлоқ жойга айланиб қолди ва сармоядорлар бу ердан қочадиган бўлди. Бунга совет услубидаги қолоқ иқтисодий амалиёт ва ҳукуматнинг сармоядорлар активларини тортиб олаётгани сабаб бўлди.
Энди Мирзиёев Ўзбекистонга сармоя жалб қилиш учун жозибали мамлакат сифатидаги обрўсини ошириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотга қўл урди. Тошкент шаҳри ўша режанинг бир бўлагидир. Вашингтон шаҳрида жойлашган Халқаро республика институти таҳлилчиси Бахтиёр Нишоновнинг айтишича, бу “биз бизнес қилиш учун очиқмиз деган аниқ ишора”дир.
Ҳукумат Тошкент-Ситини қуриш учун шаҳарнинг Чорсу бозори яқинидаги сершовқин марказидан юзта футбол майдонича келадиган ер ажратди. Марказиий Осиёнинг энг кўҳна ва ёрқин бозори жойлашган ҳудудда ўрта асрларда бунёд этилган масжид ва мадрасалар Сталин даврида қурилган неоклассик бинолар билан ёнма-ён қад ростлаб турибди. Бундай қўшничилик Тошкентнинг эклектик – аралаш-қуралаш меъморчилик мероси ифодасидир. Бу ерда ёрқин феруза гумбазли мақбаралардан тортиб, мустақиллик даврида бунёд этилган ва оқ мармар билан қопланган биноларгача бор. Буни услуб танқидчилари “диктатор урфи” деб атайди. Оқпошшо даври мустамлакачилари ғиштли бинолар қурилишига урғу берган бўлса, советлар даврида улкан жамоат бинолари, ўзбек меъморчилиги нақшлари билан безалганини айтмаса, рангсиз-қутсиз кўп қаватли уйлар қуриб ташланди.
Тошкент марказидаги Совет даврида қурилган “Ўзбекистон” меҳмонхонаси Меҳмонхона гуллаган пайтлар унда Болливуд актёри Раж Капур ва машҳур кинорежиссёр Федерико Феллини меҳмон бўлган.
Тошкент шаҳри икки минг йиллик тарихга эга, бироқ унинг аксарият меъморчилик обидалари ҳам сунъий, ҳам табиий офатлар: XIII асрда Чингизхон қўшинларининг талон-тарож қилиши ва 1966 йилда рўй берган кучли зилзила оқибатида ер билан битта бўлган.
Тошкентнинг Эски шаҳар қисми – Чорсу бозори атрофидаги жипс ўзбек маҳаллалари фожиаларнинг ҳаммасини бошидан кечирди. Бозор ва атрофидаги XIV асрда қурилган уйлар (лекин аксарияти янгитдан бунёд этилган) – чет эллик сайёҳларнинг жону дили. Тошкент-Сити қурилиши сабаб сал наридаги бузилиши мўлжалланаётган ҳудуд ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу ерда стрелка билан кўрсатилган Олмазор ва Ўқчи маҳаллалари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Совет даврида учар ликопча шаклида қурилган цирк ва “Пахтакор” метро станцияси яқинидаги Олмазор ва Ўқчи маҳаллаларининг илонизи кўчалари бўйлаб жойлашган пахса уйлар ташқаридан унча кўзга ташланмайди, аммо баҳаво ҳовлиларда қишда истеъмол қилишга мўлжалланган узум бошлари ва мева-чева куз қуёши тафтида қуритиш учун ёйиб қўйилган.
Аксарият оилаларнинг қанчадан-қанча авлоди бу ерда яшаб ўтган, энди эса улар кўчиши керак.
– Тошкент-Сити мана шу маҳаллаларнинг бошидан оёғигача бўлган ҳудудни эгаллайди, – дейди пушти ҳижоб ўраб олган Дилноза Икромова (гарчи ҳаммаси ҳам диний амалларни бажармаса-да, ўзбекларнинг барчаси мусулмон) “маҳалла” сўзига алоҳида урғу берар экан. – Мана шу уйларнинг барчаси бузилади.
Ўзбеклар оила билан маҳаллага қаттиқ боғланиб қолган, бинобарин, маҳалланинг бузилишини юрагига яқин олади.
– Бу уят, албатта. Мен умрбўйи шу кўчада яшадим. Уч ака-укам оилалари билан мана шу уйларда яшайди, – дейди у тор кўчани кўрсатар экан. У ерда иккита болакай эски бир коптокни тепиб ўйнаётган экан. – Мен шу ерда туғилганман, лекин қўлимдан нима ҳам келар эди? Давлат нима деса, шу бўлади.
Бу аёл ҳам бошқалар сингари давлат идоралари катта оиласини кўчириб, бир жойдан уй-жой беришидан умидвор, бироқ бу ҳақидаги расмий маълумот жуда кам. Амалдорлар бу ерда қанча одам яшаётганини ҳисоблаб чиқмоқда, аммо туман ҳокимлиги ходими, “бир нарса дейиш қийин”, деб елка қисишдан нарига ўтмайди. Аҳолини кўчириш энг оғир иш бўлади: Икромованинг ҳовлисида уч авлодга мансуб 12 киши яшайди – бу аксарият оилаларга хос ҳолат.
2008 йили ушбу ҳудуддан 10 минг кишини кўчириш кераклиги ҳисоблаб чиқилган, ундан ҳам олдинроқ шаҳарни қайта қуришнинг бош режасига кўра ХХI асрда ўрта аср қишлоқларига ўхшаб қолган Олмазор ва Ўқчи сингари маҳаллаларни бузиб, ўрнига замонавий бинолар ва бизнес марказлари қуриш мўлжалланган эди.
Аксарият кишилар ўзларига шаҳар чеккасидан хонадонлар таклиф қилинишига ишонади, чунки бир неча йил олдин уйлари бузилган қўшниларига шундай хонадонлар таклиф қилинган эди. Икромова замонавий қулай шароитлари бор ва водопровод суви билан таъминланган хонадонга кўчиб ўтишни ошиғиб кутмоқда, чунки бундай шароит маҳалласидаги уйларда йўқ, лекин бошқа кишилар шаҳар марказидан чеккага кўчишни ҳам, тор хонадонга қамалиб олишни ҳам истамаяпти.
– Мен қутида яшашни истамайман, – дейди Ўзбекистоннинг узундан-узоқ ёз кунларидан бирида уйи олдидаги чанг кўчани супураётган Нилуфар Орипова. – Мен умрим давомида – 52 йилдан буён Олмазор маҳалласида яшайман. Икки-уч кўча нарида туғилганман, эримнинг мана шу уйига келин бўлиб тушганман.
– Маҳалламдан кўчишни истамайман, лекин кўчишга мажбур бўлсак, бизга ҳаммамиз бирга яшайдиган катта ҳовли берилиши керак, – дея қўшимча қилади Орипова. У маҳаллада эри, уч фарзанди ва бир қанча невараси билан яшайди. Давлат хонадон ўрнига ер таклиф қилиши ҳам мумкин, лекин аҳоли ўша ерда уйни ўз ҳисобидан қуриб олиши керак бўлади.
– Уларга турли вариантлар таклиф қилинади, лекин ҳали бир тўхтамга келингани йўқ, – дейди Тошкент шаҳрига инвестицияларни жалб қилишга масъул ходим Баҳром Ризайев. Унинг фикрича, шу ишни режалаштириш билан шуғулланаётган кишилар “ҳаммани қониқтирадиган янги уй-жой билан таъминлаш”га бел боғлаган.
Мирзиёевнинг сармоядорларга барча шароитларни яратиб беришни кўзда тутган ислоҳотига қарамай, шу пайтгача Ғарб тадбиркорларининг бу ерга сармоя ётқизиш учун навбатга турганини ҳеч ким кўргани йўқ. Аммо Ризаевнинг айтишича, туркиялик ва хитойлик сармоядорлар Тошкент-Ситига қизиқиш билдирмоқда ва “рўйхат аста-секин кенгайиб боради. “Иқтисодиётимизда ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда, шу сабабли лойиҳамиз муваффақият қозонишига ишонамиз”, дея қўшимча қилди у.
Тошкент-Сити Ўзбекистон пойтахти қиёфасини, эски маҳаллаларда яшаётган аҳолининг ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартириб юборади. Уларнинг яшаб турган жойидан кўчирилиши шаҳар марказининг обод бўлиши учун тўланадиган товон пулидир. Олмазор маҳалласида яшовчи Азимов уйда уч-тўртта қўйни семиртириб сотиш ва кам миқдордаги пенсиясига қўшимча даромад олиш учун уларни кўчада ўтлатишга мажбур. – Хонадонга кўчиб ўтиб яшасам, бу ишни қила олмай қоламан, – дейди у заҳарханда қилиб.
Бироқ айрим кўчирилаётган кишилар масаланинг яхши тарафини ҳам кўраётганини айтади.
– Биз ё кўчириламиз, ёки товон пули оламиз, – дейди элликнинг нари-берисидаги, тилла тишлари ялтираб турган Феруза Аҳметова. Оқ сочи дид билан турмакланган бундай аёлнинг афт-ангори Ўзбекистонда муайян ижтимоий мақомга эгалиги белгиси. – Бу барчамиз учун, Ўзбекистон учун қилинмоқда. Ўзбекистон гуллаб-яшнаса, Тошкент ҳам гуллаб-яшнайди, деб умид қиламан. Бунинг номини тараққиёт дейдилар.