БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Гулнора Каримовадан мусодара қилинган активларни бошқарувчи Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлимини камайтиришга қаратилган БМТнинг янги лойиҳасини молиялаштириш учун 43,5 млн доллар ажратгани ҳақида билдирди.
Янги дастур UNICEF, UNFPA ва ЖССТ томонидан биргаликда амалга оширилади. Унинг асосий мақсадларидан бири кам вазнли чақалоқларнинг омон қолиш даражасини ҳозирги 75 фоиздан 90 фоизга оширишдир.
“Ишонч” деган ном билан ҳам танилган Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси БМТнинг кўп томонлама ҳамкорликдаги траст фонди томонидан бошқарилади. У Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноят иши жараёнида мусодара қилинган активларини Ўзбекистонга қайтариш учун ташкил этилган.
Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Швейцария жамғарма орқали 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган. Бу маблағ Ўзбекистонда ислоҳотларни жадаллаштириш ва мамлакатдаги БМТ Барқарор ривожланиш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Аввалги президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистонда 2013 йили талон-торож ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик моддалари бўйича иккита жиноят иши очилган. 2015 йили биринчи иш бўйича унинг 5 йилга озодлиги чекланган, 2017 йилдаги иккинчи иш бўйича эса у 10 йилга қамалган. Кейинроқ бу жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.
2020 йил мартида Тошкент шаҳар суди Каримовани жиноий тил бириктирганлик, товламачалик, ўзлаштириш, ўғрилик, пул ювганлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топиб, 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этган. У айни пайтда жазо муддатини Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаяпти.
Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлардаги Гулнора Каримовага алоқадор бўлган мулкларнинг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўзбекистон ҳукумати мазкур активларнинг бир қисмини қайтариб олишга уриниб келмоқда.
2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистон Франциядан 20 миллион долларни қайтаришга муваффақ бўлган. Бу маблағ Париждаги кондоминиум ва 1815 йилда қурилган Château de Groussay қасрининг сотилишидан тушгани айтилган.