Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовага пора сифатида берилгани иддао қилинадиган ва АҚШ расмийлари мусодара қилишга ҳаракат қилаётган 850 миллион АҚШ долларининг тақдири Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги муҳокамаларда ҳал бўлади.
АҚШда чиқадиган the Wall Street Journal газетасининг ёзишича, 2015 йилда очилган ва 300 миллион АҚШ долларига тенг маблағни мусодара қилишни мақсад қилган иш бўйича икки мамлакат ўртасида бораётган муҳокамалар кун тартиби кенгайтирилиб, шу йил бошроғида очилган иш доирасидаги 550 миллион АҚШ доллари масаласини ҳам ўз ичига олади.
Европанинг бир неча мамлакатларидаги банк ҳисоб рақамларида музлатиб қўйилган пулга Ўзбекистон ҳукумати даъво қилмоқда ва томонлар суддан ташқари муҳокамаларда келишиб олиши учун 31 июлга қадар иккала иш бўйича суд терговида танаффус эълон қилинган.
“Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон Республикаси...суддан ташқари ечим эҳтимолини муҳокама этиш ниятидадир ва суриштирувнинг тўхтатиб турилиши бу муҳокамаларни рағбатлантиради ҳамда томонлар ва суднинг маблағларини тежайди, деган фикрда”, дея иқтибос келтирди газета суд қароридан.
Бу ишни яқиндан кузатаётган тадқиқотчи Алишер Илҳомов Ўзбекистон томони мамлакат президентининг қизи шахси билан боғлиқ коррупцион жанжални босди-босди қилишга зўр бериб ҳаракат қилмоқда, дейди.
- АҚШ ҳукумати ўтган йили Европанинг бир нечта банкида сақланадиган жами 300 миллион АҚШ долларига тенг активларни мусодара қилиш тўғрисида фуқаровий судга ариза билан мурожаат қилган. Лекин бу активлар эгалари Авакян, Мадумаровлардан ҳеч қандай жавоб бўлмагач, ўтган йилниг декабрида пулларни суд қарори билан мусодара қилиш бўйича жараённи бошлашди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати бу пулларга даъво қилиб, АҚШ судига мурожаат қилди ва гўёки бу пулларни ўмарган шахслар Ўзбекистонда суд қилиниб, қамалганига доир ҳужжатларни келтиришди. Шундан кейин 300 миллион тақдири АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги музокараларга қолдирилди... Шу йилнинг 18 февраль куни АҚШ Адлия вазирлиги иккинчи ишни бошлади ва бу сафар Швейцария банкидаги 550 миллион доллар мусодара қилинишини талаб қилди. Яна жавобгарлардан жавоб бўлмади ва АҚШ Адлия вазирлиги ўтган ойда бу пулларни ҳам суд қарори билан мусодара қилишга доир жараённи бошлади. Ўзбекистон яна даъво билан чиқди, суд Ўзбекистоннинг пулларга даъво қилиш ҳуқуқини тан олди ва шу сабабдан 550 миллион тақдири ҳам музокараларга қолдирилди. Энди 31 июльга қадар АҚШ ва Ўзбекистон келишиб олса, келишиб олди. Бўлмаса иш яна судга қайтади,- дейди Алишер Илҳомов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
АҚШ судида суриштирилаётган ишлар Ўзбекистонда бизнес қиладиган учта йирик телеком ширкати – TeliaSonera, Vimpelcom ва МТС бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора бергани иддаолари билан боғлиқ. АҚШнинг Хориждаги коррупцион ҳаракатларга доир қонун доирасидаги суд терговида жавобгарлар орасида Гулнора Каримова ҳам бор.
Ўзбекистон телеком бозорида фаолият қиладиган учта йирик хорижий ширкат -- VimpleCom, Швециянинг TeliaSonera ва Россиянинг МТС ширкатлари бир неча йил давомида президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора берганига доир иддаолар АҚШ ва Европа мамлакатларида тергов қилинмоқда.
Бу терговлар доирасида Швейцария ва яна бир неча мамлакатлардаги банк ҳисоб рақамларида Гулнора Каримовага тегишли экани ишониладиган 1 миллиард доллардан ошиқ активлар музлатиб қўйилган.