Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон терма жамоасига қайтди

Иллюстратив сурат

Сўнгги беш йил давомида АҚШ терма жамоасида дона суриб келган халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон терма жамоасига қайтди.

Ўзбекистон Шахмат федерацияси 2016 йилда аёл гроссмейстер, 2024 йилда халқаро спорт устаси унвонларига эришган спортчининг ушбу қарори мамлакат шахматини жаҳон миқёсида янада кучайтиришга хизмат қилишига умид билдирган.

Блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, Гулруҳбегим Тохиржонова музокаралар натижасида яна Ўзбекистон байроғи остида ўйнашга рози бўлган ва мамлакатга қайтиб келган.

“Гап пулда ёки ваъдаларда эмас, мен доим Ватанимиз байроғи остида қатнашишни хоҳлаганман. Лекин орада шундай давр бўлдики, кетишга мажбур бўлдим. Агар мен Ўзбекистонда муҳит ўзгарганини, Шахмат федерациясида спортчиларга эътибор пайдо бўлганини ҳис қилмаганимда қайтмас эдим”, деган таниқли шахматчи.

АҚШ терма жамоасининг биринчи рақамли шахматчиси саналган Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2023 йилда Қўшма Штатларда “Йилнинг энг яхши аёл шахматчиси” деб топилган.

Бир неча йил аввал Ўзбекистон тарихида аёллар ўртасида биринчи халқаро гроссмейстер мақомини олган Нафиса Мўминова ва унинг сингиллари – гроссмейстер Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар мамлакат терма жамоасидан четлатилган эди. Шахматчи қизларнинг отаси Алишер Мўминов АҚШ Гулруҳбегимнинг олти ойлик ўқиши учун 150 минг доллар маблағ ажратгани, малакали мураббийлар билан таъминлаб, мусобақаларга бориш харажатларини тўлиқ қоплаганини билдирганди.

Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг ўзи 2022 йилдаги видеомурожаатида Шахмат федерацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари, истеъфодаги ДХХ генерали Ҳусан Турдиалиев сабаб Ўзбекистон терма жамоасини тарк этганини айтган.