БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 1 июль куни Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида унга Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири — "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур орден Гутерришга “жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш” ҳамда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун топширилган.
Маросимда БМТ бош котибининг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, глобал бошқарув институтларини ислоҳ қилиш, Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, "яшил" ва рақамли тараққиёт, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатлари қайд этилган.
Куннинг биринчи ярмида Антониу Гутерриш Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб борган.
“Музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашишган, шунингдек, Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланган.