БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 14 апрель куни Хавфсизлик Кенгашининг Эрон томонидан Исроилга уюштирилган ҳужумдан сўнг юзага келган ошиғич йиғилишида чиқиш қиларкан, тарафларни максимал даражада босиқ бўлишга чақирди. Унга кўра, Яқин Шарқ “жарлик ёқасидан чекиниши” лозим.
“Минтақа аҳолиси кенг кўламли ҳалокатли уруш хавфи билан тўқнашди. Ҳозир ўқдонлардан ўқни чиқариб олиш ва деэскалация вақти келди”, деган Гутерриш.
Шунингдек, у Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, ҲАМАС томонидан тутиб турилган гаровдагиларнинг барчасини озод қилиш ва фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш зарурлигини билдирган.
Гутерришга кўра, айни пайтда минтақа ҳам, дунё ҳам катта урушга киришолмайди.
БМТ бош котиби ташкилотга аъзо мамлакатларга қурол билан қасос олиш халқаро ҳуқуқ меъёрлари билан тақиқланганини эслатган.
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан Эрон “дунёни қайтмас нуқтага, жаҳон урушига айланиб кетадиган минтақавий урушга олиб бормай туриб”, уни тўхтатиш лозимлигини билдирган, дея хабар қилди CNN.
Якшанба оқшомида Исроил ҳарбий ҳукуматининг бир неча соат давом этган мажлиси якунига етган. Бироқ, Исроил ва Ғарб ОАВ манбаларига кўра, Исроилнинг Эрон ҳужумига қай тарзда жавоб бериш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинган эмас.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга Исроилнинг Эрон ҳужумига бундан буёнги жавоб ҳаракатлари мақсадга мувофиқ эмаслиги ва АҚШ бу ҳаракатларда иштирок этмаслиги ҳақида билдирган эди.
Эроннинг БМТдаги вакили Амир Саид Ираваний Теҳрон ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқидан фойдаланаётгани ва унинг “ҳаракат қилишдан бошқа йўли йўқ”лигини билдирган. Айни пайтда Эрон вакили ўз мамлакати уруш ёки эскалацияга интилмаётгани, бироқ ҳар қанақа таҳдид ёки тажовузга жавоб беришга тайёр эканини қайд этган.
Эрон 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга дронлар ва ракеталар ёрдамида ёппасига зарба берган. Исроил армияси бу ракета ва дронларнинг 99 фоизи уриб туширилганини маълум қилган. Ҳужум оқибатида Негев чўлидаги битта ҳарбий базага озроқ шикаст етган, қурбонлар йўқ, бир неча киши жароҳатланган.
Эрон мазкур зарба Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консулхонасига берилган муҳтамал зарбасига жавоб эканини ҳамда амалиёт мақсадига эришилганини билдирган. Теҳрон айни пайтда зиддият эскалациясига интилмаётганини, бироқ Исроил Эрон ҳудудига зарба берган тақдирда янада кучлироқ зарбалар беришга тайёрлигини қайд этган.