Гватемала ҳукумати Россиядан етказиб берилмаган “Спутник V” вакцинаси учун тўланган ўнлаб миллион доллар пулни қайтаришни сўради. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар қилди.
Гватемала соғлиқни сақлаш вазири Амелия Флорес 29 июнь куни ҳукумат Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фондидан 20 кун ичида вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланганларнинг эмловини тамомлаш учун “Спутник V”нинг иккинчи компонентини етказиб беришни талаб қилганини ҳам очиқлаган.
Апрель ойи бошида Гватемала Россияда ишлаб чиқарилган 8 миллион доза вакцина учун 80 миллион долларга яқин пул тўлаган. Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача Гватемала ҳукумати Россиядан 150 дозагина вакцина ололган, холос. Айни пайтда бу мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари пандемия бошидан бери энг юқори нуқтага чиққани айтилмоқда.
Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди вакили Олег Брянский Reuters агентлигига “шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажариш учун” шу ҳафта ва кейинги ҳафтада Гватемалага иккита учоқда вакцина йўлланишини билдирган.