Ҳаага Халқаро суди Россияга қарши жиноят ишлари қўзғатади

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди биноси.

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди яқин кунларда Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан ҳарбий жиноятлар бўйича иккита жиноят иши очмоқчи. Халқаро суд жиноят ишлари доирасида бир қатор шахсларни қамоққа олишга ордер беради. Бу ҳақда Reuters ва New York Times исми айтилмаётган расмийларга таянган ҳолда хабар берди. Ҳозирча расман бу ҳақда маълум қилинмади.

New York Times газетасининг ёзишича, жиноят ишлари Россияга нисбатан иккита модда бўйича қўзғатилади. Биринчиси – Украина фуқаролик инфраструктурасини мақсадли равишда вайрон қилиш, иккинчиси - украин болаларини Украина ҳудудидан Россияга кўчирилиши. Киев украин болалари Россияга мажбурий равишда олиб чиқиб кетилаётганини ва бу геноциднинг бир кўриниши эканини айтмоқда.

Халқаро жиноят суди бош прокурори Карим Хон яқинда Россия ракеталари ва дронларидан берилган ҳаво зарбалари оқибатларини ўрганиш учун Украинага борган эди. Женева конвенцияси ва қўшимча протоколларга асосан уруш ҳолатида фуқаролик объектларига ҳужум қилиш ва зарба бериш тақиқланади.

Ҳозирча бу икки жиноят ишлари бўйича айблов кимларга билдирилиши номаълум. New York Times газетасининг айрим манбалари Россия президенти Владимир Путин айбланиши мумкинлигини айтмоқдалар. Нашрнинг ёзишича, иш суд жараёнигача етиб боришига ишонч кам, чунки Халқаро суд айбланувчини сиртдан судламайди, Россия эса Халқаро суд юрисдикциясини тан олмайди ҳамда ўз фуқароларини принципиал тарзда хориж давлатларига топширмайди.