Ҳаага суди: MH-17 рейси Донецкдаги россияпараст айирмачилар ҳудудидан отилган ракета билан уриб туширилган

2014 йил июлида Донбассда уриб туширилган Boeing-777 учоғи

Ҳаага суди MH-17 рейси Россия кучлари назорати остида бўлган “ДХР” (Донецк халқ республикаси) ҳудудидаги Первомайское қишлоғидан отилган “Бук” мажмуаси ракетаси ёрдамида уриб туширилган, деган хулосага келди.

Малайзиянинг Boeing-777 учоғи қулаган 2014 йил июлида Россия ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган “ДХР”ни назорат қилаётган бўлган. Буни “ДХР” маъмуриятининг Россия президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Владимир Сурков билан доимий равишда мулоқотда бўлиб тургани, “ДХР” амалдорларининг Москва томонидан тайинлаб келинган ва Россиядан айирмачиларга қурол-аслаҳа етказиб бериб турилгани тасдиқлайди.

Суд қаноатича, Кремль айирмачиларга йўл кўрсатиб турган ва улар Москвага ҳисобот бериб келишган.

MH-17 рейсининг уриб туширилиши бўйича “ДХР”нинг ўша пайтдаги “мудофаа вазири” ҳисобланмиш Игорь Гиркин ва унинг қўл остида ишлаган Сергей Дубинский, Олег Пулатов ва Леонид Харченколар айбланишмоқда. Учоқ қулаши натижасида ўшанда 298 киши нобуд бўлган.