Ҳаага суди прокурори Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер сўради

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди прокурори Карим Хон Исроил бош вазири ва мудофаа вазири, шунингдек, АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг уч нафар лидерини ҳибсга олиш учун ордер талаб қилди. Бу ҳақда Халқаро жиноят суди (ХЖС) сайтида маълум қилинган. Прокурор бу ҳақда CNN телеканалига берган интервьюсида ҳам айтиб ўтган.

ХЖС сайтидаги баёнотда қайд этилишича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант, ҲАМАС лидери Яҳё Синвар, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ва ташкилот ҳарбий қаноти қўмондони Муҳаммад Дейф ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда гумонланмоқда.

Халқаро жиноят суди дунёнинг аксар мамлакатлари томонидан ратификация қилинган Рим статути асосида иш кўради. Қатлиом, ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда айбланаётган шахсларни таъқиб қилиш ҳам мазкур суд ваколатига киради.

Рим статутини АҚШ ва Россия каби Исроил ҳам ратификация қилган эмас ва бу давлатлар суд юрисдикциясига тобе эмаслигини айтиб келишади.

Бироқ Рим статутини ратификация қилган мамлакатлар Халқаро жиноят суди билан ҳамкорлик қилишга мажбур, хусусан, қидирилаётган шахс бўйича ХЖС томонидан ҳибсга олишга оид ордер берилган тақдирда, улар бу ишни амалга оширишлари шарт бўлади.

2022 йили ХЖС Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор кўрилган Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган. Ўшандан бери Путин Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилган эмас ва бундай мамлакатлар орасида Россия учун “дўст” ўлкалар ҳам бор.