Гаити ҳукумати мамлакат пойтахтидаги қамоқхонадан минглаб маҳкум қочиб кетгани ортидан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
France-24 нинг хабар беришича, 3 март куни қуролланган жиноий гуруҳ Порт-о-Пренс қамоқхонасига “жуда қаттиқ ҳужум қилган” ва бунинг оқибатида "минглаб маҳкумлар қамоқдан қочган".
Гаити ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилиш билан бирга тунда комендантлик соати жорий этди. Комендантлик соати пойтахт Порт-о-Пренсда 6 мартгача соат 18 дан 05 гача давом этади. Шу вақтгача қамоқдан қочганлар қўлга олинмаса, комендантлик соати муддати узайтирилади.
AFP агентлигининг хабар беришича, қамоқхонага ҳужум пойтахтда "яхши қуролланган жиноий гуруҳлар" содир этган оммавий тартибсизликлар ортидан уюштирилди.
Хабарларда айтилишича, 3 мартга ўтар кечаси қуролли гуруҳлар Қамоқхоналар миллий бошқармасини босиб олган. Отишмада камида 10 киши ўлган.
Расман билдирилишича, Порт-о-Пренс қамоқхонасида 3800 маҳкум бўлган. Улардан фақат юз нафарга яқини қамоқхонада қолган.