Ўзбекистонда Ҳаж мавсуми 4 июндан бошланади. 4 июндан 19 июнгача Саудия Арабистонига ҳар куни 4 та авиақатнов амалга оширилади. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита маълум қилди.
Билдирувда таъкидланишича, Саудиянинг Мадина шаҳрига парвозлар Ўзбекистоннинг 10 шаҳри - Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус ва Навоийдан амалга оширилади.
“Ҳаж-2023 мавсумига тайёргарлик ишларини амалга ошириш мақсадида дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига жўнаб кетган ва айни пайтда улар томонидан барча ташкилий ва амалий саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда”,-дейилади расмий билдирувда.
Ўзбекистонлик зиёратчиларни Мадина шаҳридаги Zam-zam Pullman, Макка шаҳридаги Roshidiya, Abraj al-Dana, Laba Darna, Ruba al-Hijaz меҳмонхоналарига жойлаштириш режалаштирилмоқда.
Сафар олдидан зиёратчилар билан уламолар ва элликбошилар ўқув машғулотлари ўтказади. машғулотларда Ҳаж амалининг фазилати, рукнлари, сафарга тайёргарлик кўришда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақидаги масалалар баён этилади. Шунингдек, ҳаж ибодатининг одоблари ва тартиб-қоидалари ҳам тушунтирилади.
1 май куни Дин ишлари бўйича қўмита Ҳаж тадбирини ташкил этиш турагентликлар ваколатига кирмасли ва улар орқали Саудияга борганларга жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Ҳукуматнинг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли қарорига асосан Ҳаж ва Умра ибодатларини уюштириш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юкланган.
Қўмитанинг билдиришича, Ҳажга "ноқонуний йўллар билан борганлар" Саудия Арабистонидан депорт қилинади ва уларга Саудияга кириш 10 йилга тақиқланади. Бундан ташқари 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинади.