АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС Ғазода Қизил Хочга 7 октябрдаги ҳужум пайтида гаровга олинган исроилликлардан 11 нафарини қайтарди. Улардан икки нафари аёл ва тўққиз нафари бола. Мисрнинг Al-Cairo телеканалининг хабар беришича, бундан ташқари Таиланднинг гаровга олинган олти фуқароси ҳам озод этилди.
28 ноябрдаги сўнгги хабарларда айтилишича, ЦАХАЛ ҲАМАС гаровдан озод қилганлар Исроил ҳудудига олиб келинганини билдирди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда воситачилик қилаётган Қатар Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Исроил 27 ноябрда 33 фаластинликни қамоқдан чиқарган. Уларнинг уч нафари Франция, икки нафари Германия ва олти нафари Аргентина фуқаролигига ҳам эга бўлган.
“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, ҲАМАС озод қилганларга алмаштирилган фаластинликлар 28 ноябрда Ғазо бўлгасига етказилади.
27 ноябрда Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги оташкесим яна икки кунга узайтирилгани ҳақида хабар берди. Расман билдир илишича, бу борада томонлар келишувга эришган. Бунинг эвазига ҲАМАС гаровга олинганлардан яна 20 нафарини озод қилади.
ҲАМАС расмий вакили Reuters агентлигига бу маълумотни тасдиқлади. Аммо Исроил томони ҳозирча бу борада расмий баёнот бермади. Аввал эришилган келишувга асосан оташкесим 28 ноябрга ўтар кечаси якунланиши лозим эди.
Исроил ҲАМАС билан бевосита музокаралар олиб бормаяпти. Музокараларда Қатар, Миср ва айрим ҳолатларда АҚШ воситачи бўлмоқда.
24 ноябрда кучга кирган тўрт кунлик оташкесим пайтида ҲАМАС уч кунда гаровга олинган 58 кишини озод қилди. Исроил қамоқлардан юз нафар фаластинлик аёл ва ўсмирларни бўшатди.
Исроил бир неча маротаба оташкесимни ҲАМАС билан сулҳ сифатида тушунмаслик кераклиги ҳақида баёнот берди. Исроил вақтинчалик оташкесимни гуманитар танаффус, деб атамоқда. Исроил армияси танаффус якунланиши билан Ғазода ҲАМАС тўлиқ йўқ қилинмагунича, ҳарбий амалиётларни давом эттиришини маълум қилган.