Германия Халқаро суднинг Исроилга нисбатан жараёнида учинчи томон сифатида қатнашади

Ҳаагадаги Халқаро суд биноси олдига йиғилган намойишчилар.

Германия БМТ Халқаро судининг Исроил Ғазо аҳолисини геноцид қилгани юзасидан билдирилган айблов бўйича жараёнида учинчи томон сифатида иштирок этади. Даъво аризасини судга 29 декабрда Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) киритган эди. Суд 11 январда бошланган.

ЖАР Исроилни 1948 йилда қабул қилинган геноциднинг олдини олиш ва жазолашга оид халқаро конвенцияни бузганликда айбламоқда.

“Немис тўлқини” радиосининг хабар беришича, Германия ҳукумати 12 январда бу ишда иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилган. Конвенция халқаро ҳужжат бўлгани ортидан уни имзолаган ҳар қандай давлат конвенция матнини талқин қилиш бўйича мунозараларда иштирок эта олади.

2022 йил апрелидаги маълумотга қараганда, конвенцияни 153 давлат имзолаган ва ратификация қилган. Улар орасида ЖАР, Исроил ва Германия ҳам бор.

Германия ҳукумати Исроилга нисбатан билдирилган айбловни асоссиз деб ҳисоблаши тўғрисида баёнот берди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Берлинга қўллов учун миннатдорчилик билдирди. Намибия эса Германия ҳукуматини кескин танқид қилди.

Ҳозирги кунда Бангладеш ва Иордания ҳам мазкур жараёнда иштирок этишини маълум қилди. Улар ЖАР билдирган айбловни қўллаб-қувватламоқда.

“Немис тўлқини”нинг хабар беришича, бир неча йилларга чўзилиб кетиши мумкин бўлган мазкур жараёнда учинчи томон сифатида иштирок этиш учун камида яна 30 давлат ариза бериши мумкин. Бу мамлакатларнинг асосий қисми ЖАР позициясини қувватлаши таҳмин қилинмоқда.

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС 2023 йилнинг 7 октябрида Исроилга Холокост давридан бери илк маротаба энг кўп қурбон келтирган ҳужумни амалга оширган эди.

Исроил ҳукумати бунга жавобан 1973 йилдан бери илк маротаба ҳарбий ҳолат жорий этди ва Ғазо бўлгасида ҲАМАСга қарши уруш бошлади.

Ғарб давлатлари, Украина, Қозоғистон, Ҳиндистон, Сингапур, Япония ҲАМАС ҳужумини қоралади.

2023 йилнинг 31 октябрида ўтган ҳукумат мажлисида Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқига ва унинг мустақилликка бўлган ҳуқуқига “кучли хайрихоҳ” эканини ва БМТнинг ҳудуддаги гуманитар миссиясига ёрдам учун 1,5 миллион доллар ажратилишини билдирганди.

Деярли барча араб ва мусулмон давлатлари Исроилни айбламоқда. Бу давлатлар нуқтаи назарича Исроил Фаластин ҳудудларини оккупация қилгани ҲАМАС ҳужумига сабаб бўлган.