Исроил “умуман олганда” Ғазода АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС билан олти ҳафталик оташкесим ўрнатиш тўғрисидаги таклифни қабул қилди. Бу ҳақда CNN ва Financial Times Оқ Уй расмийсига таянган ҳолда хабар берди.
Режага кўра, оташкесим гаровда сақланаётган аёллар ва кексаларни, ярадорларни озод қилишга, шунингдек, Ғазога гуманитар ёрдам етказишга имконият яратади. Financial Times газетасининг таъкидича, ҲАМАС ҳозирча гаровда сақланаётганларни озод қилиш таклифини қабул қилмади.
Нашрларнинг ёзишича, музоқаралар ўтказиш учун Қоҳирага ҲАМАС, АҚШ ва Қатар вакиллари етиб келди. Исроил делегациясининг ҳам келиши кутилмоқда.
Сўнгги марта 2023 йил ноябрида деярли бир ҳафталик оташкесим ўрнатилган ва гаровдагиларнинг бир қисми бўшатилганди. Бунинг эвазига Исроил қамоқларда сақланаётган фаластинликларни озод қилган. Исроилнинг билдиришича, ҳозирда ҲАМАС яна камида 130 кишини гаровда ушлаб турибди.
ҲАМАС Исроил унинг таклифларини қабул қилса икки сутка ичида оташкесим келишувига эришилишини маълум қилди. ҲАМАС Ғазо бўлгасининг шимолига кўчирилган аҳолини жанубий ҳудудларга қайтарилишини ва гуманитар ёрдам ҳажми кўпайтирилишини талаб қилмоқда.