Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) гаровга олинган тўрт нафар исроилликнинг жасадини топширди. Уларни Қизил Хоч жамиятидан бўлган воситачилар олиб кетиб, ЦАХАЛ вакилларига топширишган, дея хабар қилди The Times of Israel нашри.
Айни пайтда Қизил Хоч воситачилигида Фаластин томонига 625 нафар маҳкумни топшириш жараёни ҳам бошланган. Уларнинг бир қисми Ғазо секторига автобусларда етказилган, бу йўналиш бўйича жами 400 дан зиёд одамни йўллаш кутилмоқда. Яна 97 нафар маҳкум Мисрга топширилган.
Исроиллик экспертлар ҲАМАС томонидан топширилган тўрт жасад шахсини тасдиқлашлари керак бўлади. Улар Цахи Идан, Охад Яхоломи, Ицхак Элгарт ва Шломо Мансур экани айтилмоқда. Жараён якунланганидан кейин уларнинг оилаларига хабар берилади.
Reuters хабарига кўра, Исроил Фаластин томонига аввалроқ гаровда ўлган Шири Бибас дея топширилган аёл жасадини қайтариб беради. Аслида марҳума ғазолик аёл бўлгани айтиляпти.
ҲАМАС ҳордиқ кунлари қўйиб юборилмаган фаластинлик маҳкумлар эвазига Исроилга гаровдаги тўрт нафар киши жасадини топшириши ҳақида 26 февраль куни маълум бўлган.
ҲАМАС билан тузилган оташкесим келишувига мувофиқ, 22 февраль куни Исроил гаровдаги олти нафар исроилликнинг озод қилинишига жавобан 602 нафар фаластинликни қамоқхоналардан чиқариб юбориши лозим эди. Бироқ исроилликлар ҲАМАС “гаровдагиларнинг қадр-қийматини ерга урувчи пропагандистик маросимлар” ўтказаётганини иддао қилиб, бу ишни амалга оширган эмас. Бу қадам икки ўртада тузилган бутун битимни хавф остига қўя бошлаганди.