Ғазода ҲАМАС разведкаси бошлиғи ўлдирилди. Блинкен яна Исроилга борди

ҲАМАС гуруҳининг умумий разведка бошқармаси бошлиғи Ғазо бўлгаси жанубидаги Хон Юнус шаҳрида Исроил армияси берган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Исроил армияси маълум қилди.

Расман билдирилишича, 7 октябрдан бери давом этаётган ҲАМАС-Исроил урушида шу кунгача 1400 исроиллик ҳалок бўлган. Ғазо бўлгасида ўлганлар сони эса уч минг кишига яқинлади.

Хабарларда айтилишича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен яна Қуддусга борган. Бу ерда у Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва президент Ицхак Герцог билан музокаралар ўтказмоқда.

АҚШ давлат котиби Вашингтон Исроилнинг Ғазода ўтказиладиган ер усти амалиётини қўллаб-қувватлашини билдирган. Блинкен АҚШ Исроил ҳукуматига фуқароларни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча воситаларни етказиб беришга тайёрлигини айтган. Бундан аввал Блинкен Исроилда 12 октябрда бўлган эди.

Блинкен Иордания,Қатар, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мисрда бўлди, сўнг яна Исроилга қайтиб борди.