ҲАМАС сиёсий бюросига Яҳё Синвар раҳбар бўлди

Яҳё Синвар

АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳи Исмоил Ҳания ўлимидан сўнг ўзининг янги сиёсий лидери исмини очиқлади. Бу лавозимни 2023 йил 7 октябридаги Исроилга ҳужум ташкилотчиси деб кўрилган Яҳё Синвар эгаллади.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, Яҳё Синвар Ғазо секторида яшириниб юрибди. Балоғатга етганидан кейинги умрининг ярмини Исроил қамоқхоналарида ўтказган Синвар Ҳаниянинг ўлимидан сўнг ҲАМАСнинг тирик қолган энг нуфузли лидери бўлиб ҳисобланади.

Исмоил Ҳания июль ойи охирида Теҳронда қароргоҳига берилган зарба оқибатида ўлган эди. Унинг ўлими учун масъулиятни Исроил расмийлари ўз зиммаларига олган эмас.

Июль ойи охиридан буён Яқин Шарқ минтақасида таранглик сезиларли даражада ошиб боряпти. Таранглик кучайиши, жумладан Эрон ва у дастаклаётган “Ҳизбуллоҳ” дохил гуруҳларнинг жангарилар икки лидери ўлдирилгани учун Исроилга “кескин қасос” ҳозирланаётганига оид баёнотлари манзарасида кузатилмоқда. Бу ерда гап Байрутда “Ҳизбуллоҳ” командири Фуад Шукр ўлдирилиши ҳамда Теҳронда ҲАМАС сиёсий лидери Исмоил Ҳания ўлими ҳақида бормоқда.