Фаластиннинг “Исломий жиҳод” ва ҲАМАС радикал гуруҳлари 18 август оқшомида Тель-Авивдаги синагога яқинида бомба портлаши учун масъулиятни ўз зиммаларига олишди. ҲАМАС АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган.
Полиция маълумотига кўра, портлаш оқибатида бомбани олиб кетаётган эркак ҳалок бўлган, яна бир йўловчи жароҳатланган. Исроил расмийлари содир бўлган ҳодисани террор хуружи ўлароқ таснифлашган.
Исроил хавфсизлик хизмати вакиллари террорчининг шахсини аниқлаш бўйича иш давом этаётганини билдиришган — ҳозирги пайтда унинг 50 ёшлар атрофидаги эркак экани маълум, холос.
Гуруҳлар “оммавий қотилликлар ишғолчи сиёсати давом этаверар экан”, Исроил ҳудудида ўзларининг “шаҳодат амалиётлари”ни давом эттиришлари ҳақида баёнот беришган. Reuters агентлиги қайдича, бу Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти ва ҲАМАС лидери Исмоил Ҳаниянинг 31 июль куни Теҳронда ўлдирилганига ишорадир. Исроил Ҳаниянинг ўлими учун масъулиятни ўз зиммасига олган эмас.