Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳи (АҚШ, ЕИ ва Британияда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган) раҳбарияти вакили Би-би-сига ўз ташкилоти Ғазодаги сулҳ ва гаровдагиларни озод қилишга оид янги музокараларда иштирок этмаслигини билдирди.
ҲАМАС ва Исроил музокаралари 15 август куни Қатарда қайтадан бошланиши кутилаётганди. Исроил музокараларда иштирок этишини тасдиқлаган.
ҲАМАС вакили Би-би-сига ўз гуруҳи “хўжакўрсин” музокараларда иштирок этишни истамаётгани, бундай музокаралар соясида Исроил уруш ҳаракатларини олиб боришда давом этаётганини айтган.
Би-би-си суҳбатдошига кўра, Фаластин томони “йўл харитаси”ни, келишув шартлари бажарилиши бўйича аниқ режани кўришни истайди.
“Бу режа АҚШ президенти Жо Байден томонидан май ойида илгари сурилган таклифларга асосланган бўлиши лозим”, деган ҲАМАС раҳбарияти вакили Би-би-си билан суҳбат чоғида.
ҲАМАС вакили яна бир бор Исроилни музокаралар олдида қўшимча шартларни олға сураётганликда айблаган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу айбловларни ҲАМАСнинг ўзига қайтармоқда, дея қайд этилган Би-би-си мақоласида.
Исроил делегацияси Ғазо секторида сулҳ ҳамда ўтган йилнинг 7 октябрь куни Исроилга ҳужум чоғида ҲАМАС гуруҳи томонидан гаровга олинган кишиларнинг озод қилинишига оид музокараларда иштирок этади – бу 14 август куни Исроил бош вазири девонхонаси томонидан тасдиқлаган.
Музокаралар Қатар пойтахти Дохада бўлиб ўтиши айтилган. Аввалроқ Исроил нашрлари Дохага “Моссад” разведка ташкилоти раҳбари Давид Барнеа, “Шин-Бет” хавфсизлик хизмати бошлиғи Ронен Бар, шунингдек, Нетаняҳу маслаҳатчилари ва Исроил армияси вакиллари бориши ҳақида хабар қилишган.
AFP агентлигининг ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Дохадаги учрашувда АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс ҳам иштирок этади.