“Ҳамма яхши нарсалар – пойтахтга”. Қашшоқ вилоятлар ҳисобига гуллаётган Нур-Султон (ВИДЕО)

Қозоғистон пойтахти маркази

1997 йил декабрида Қозоғистонда Ақмола шаҳри янги пойтахт этиб белгиланди, кейинроқ уни Астана, сўнг Нур-Султон деб номладилар. Пойтахтни кўчириш ташаббуси Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевдан чиққан эди. Ўшандан бери пойтахтга пул тинимсиз оқиб келади – бу Қозоғистоннинг бошқа минтақалари ишлаб топган ва, адолат юзасидан, маҳаллий шаҳарларни ривожлантириш учун ҳудудларнинг ўзида қолиши керак бўлган пуллардир.

“Настоящее время” телеканали ана шу мавзуни ўрганди.

ФАВВОРА СОВҒА ҚИЛИШДИ, ЛЕКИН ЭВАЗИГА ҲЕЧ НИМА ОЛИШМАДИ

Семей ҳақини пойтахт “еб қўяётган” шаҳарлардан бири. Ушбу шаҳар Қозоғистонда мутафаккир Абай Қўнонбоев ҳамда адиб Шокарим Худойбердиевнинг ватани ўлароқ таниқли. Бироқ Россия чегарасидан атиги 50 чақирим берида жойлашган Семей муаммоларга ғарқ бўлмоқда. Абгор аҳволдаги йўллар, ташувчиларнинг сурункали иш ташлашлари, чиқинди ташиш муаммоси – маҳаллий ва республика ОАВларида, айниқса, мана шу уч мавзу кўп тилга олинади.

СССР даврида Семей шаҳри яқинида ядро қуроли синовларини ўтказишарди. Совет Иттифоқидаги энг йирик полигонлардан бири бўлган Семипалатинск полигони майдони қарийб 18 минг квадрат километрни ташкил қилади. Мазкур полигон ҳавоси олти юз мартадан ортиқ ядро ва термоядро қурилмалари портлашидан ларзага келиб, заҳарли чанг булутларига хўп тўйинган. Совуқ урушнинг радиофаол мероси ушбу тупроқларда яшаётган миллионлаб одамларга насиб қилди. Семейда яшовчилардан кўпчилигининг соғлиғи жойида эмас.

“Қалқонсимон без – аденома. Простата бези – аденома. Қизилўнгач – қизилўнгач чурраси”, дея тиббий дафтаридаги ташхисларни санайди Семипалатинск ядро полигонидаги синовлар иштирокчиси, семейлик Владимир Сулима.

Унинг танасида тиббий текширувлар орқали тасдиқланган 20 дан зиёд сурункали хасталик бор – барчаси ядро портлашидан ҳосил бўлган ионли нурларнинг организмга салбий таъсири оқибатидир.

Ер устида атом бомбаси портлатилишини Сулима биринчи марта ўқувчилик чоғларида кузатган эди, 17 ёшида эса у ядро полигонига ишга кирган. Владимир ишлайдиган 113-сонли экспедициянинг вазифаси улкан қудуқларни бурғулаб ковлашдан иборат эди – кейинчалик бу қудуқларга ядро заряди жойланарди. Ҳар бир сменага бурғулаш учун атиги 20 дақиқа берилар, вақт тугаши билан гуруҳни шоша-пиша эвакуация қилишарди. 1968 йил кузида Владимир ҳамкасблари билан бирга синов майдонида қолиб кетади. Бу пайтда у ерда радиация сизиб чиқа бошлаганини хаёлига ҳам келтирмайди.

“Ўша куни ишда ушланиб қолдик, келганимизда алламаҳал бўлганди. Майдонга келдиг-у ҳеч нарсадан бехабар, ўша ерда тунаб қолдик. Эрталаб бизни дозиметрия хизмати (нурланиш даражасини ўлчовчи мутахассислар – таҳр.) қидириб келди. Бу ерга қандай келиб қолдинглар, деб суриштира бошлашди: маълум бўлишича, штольняда авария юз бериб, радиация тепага сизиб чиққан, кечаси бутун майдон эвакуация қилинган экан”, ҳикоя қилади Сулима.

Владимирнинг сўзлашича, полигонда ишлаш учун унинг гуруҳига деярли ҳеч қанақа ҳимоя воситалари берилмаган. “Киши бошига биттадан оддий респиратор ва бир жуфтдан қўлқоп беришарди, жўнгина аскарий қўлқоп. Яна аскарча уст-бош ҳам”, эслайди у.

Советлар даврида радиация ҳалокатли даражада хавфлилиги тўғрисида Семей аҳолисига лом-мим дейилмаган: бу ахборот “махфий” деган ёзув билан қўриқланарди. Шаҳарда саратон ва нур касалликларидан вафот этувчилар кўп эди, лекин ҳеч ким бунинг сабабини тушунмасди. Полигонда бутун ёшлигини ва саломатлигини йўқотган Сулима ҳозирда 170 доллар нафақага кун кечирмоқда.

1992 йилда Қозоғистон ҳукумати “Семипалатинск ядровий полигонида синовлар оқибатида жабрланган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисида” қонун қабул қилди. Ҳужжатда 50 ва 55 ёшдан нафақага чиқиш, экологик устама олиш ҳамда санаторий ва курортларда бепул даволанишга доир нормалар белгиланган эди. Аммо беш йилдан сўнг қонун бекор қилинди. Ўшанда Семейда “Авлод” номли ноҳукумат ташкилот тузилди: унинг аъзолари тарихий адолатни тиклашга ва ядро полигонидаги синовларнинг барча жабрдийдаларига имтиёзлар жорий этилишига эришиш учун ҳаракат қилишмоқда. Бироқ ташкилот вакиллари давлат амалдорлари билан курашда ҳозирча фақат ютқизмоқда.

“Давлат бизга имтиёз беришдан манфаатдор эмас: бунинг учун пул сарфлаш керак бўлади-да ахир. Уларга бунинг нима кераги бор? Ундан кўра бизни кўмиб ташлаш осонроқ улар учун, – ёзғиради Семипалатинск ядро полигонида ўтказилган синовларнинг яна бир жабрдийдаси Азиза Собирхонова. – Давлатимиз Семипалатинск полигонидан зарарланганларнинг ҳаммаси тезроқ қирилиб битишини хоҳлаётгандек туюлади менга: жуда узоқ яшаяпмиз, давлатга малол келяпмиз”.

Кўплаб семейликлар норозилигини яширмайди: Қозоғистон пойтахти кун сайин кўркамлашиб, ривожланиб бораётган пайтда – ҳукумат шаҳарга асос солинган кунга бағишланган реклама панелларининг ўзига юз миллион тангадан ортиқ маблағ сарфлаётган паллада улар ўз соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун неча йиллардан бери компенсация ундира олмай ҳалак.

Ва бу бюрократик сансалорликлар нафақат Семипалатинск полигони собиқ ишчиларининг компенсация пулларига, балки Семей аҳолисига нафи тегиши мумкин бўлган бошқа лойиҳаларга ҳам тааллуқли.

Данил 15 ёшда, ўспирин аутизм турига мансуб хасталик билан оғриган. У пенсионер бувиси Галина билан яшайди: бувининг айтишича, бир неча йил муқаддам қозоғистонлик машҳур психолог Флюра Смашникова Семейда мана шунақа бемор болалар учун реабилитация маркази очишни таклиф қилади. Лойиҳа давлат идоралари билан қарийб келишиб бўлинади, бюджетдан маблағ ажратилишини ва қурилиш бошланишини кутиш қолади холос.

“Лекин маблағ барибир ажратилмади. Лойиҳа савил қолди. Ўша кезлар Астанада ЭКСПО-марказ қура бошлашган эди, балки ҳаққимизни шунга сарфлаб юборишгандир. Қоп-қоп ваъда беришганди, оқибатда эса икки қўлимизни бурнимизга тиққанча қолдик. Начора, давлатимизга ЭКСПО-марказ кўпроқ зарур экан”, зорланади Галина Акимова.

Қозоғистон пойтахтида ЭКСПО-2017 бутунжаҳон кўргазмасини ташкил қилиш ва ўтказишга уч миллиард доллардан зиёд маблағ харжланган. Лойиҳа мамлакат тараққиётига кучли туртки бериши кутилган эди, аммо кенг кўламли тадбирга ҳозирлик кетма-кет можаролар ва шов-шувли ҳибсга олишлар билан бир пайтда кечди. Бугун, орадан тўрт йил ўтиб аён бўляптики, ЭКСПОнинг ваъда қилинган самараси ва оламшумул режалар фақат қоғозда қолиб кетибди. Аммо маблағдан бенасиб қолган Қозоғистон минтақалари кўлами кичикроқ бўлса-да, ҳаёт-мамот масаласига дохил лойиҳаларни рўёбга чиқариш имконини бой берди.

Боз устига, Қозоғистонда минтақавий бюджетлардан пойтахт фойдасига “уриб қолинади”, шунингдек, ҳудудлар вақти-вақти билан Нур-Султонга “нимадир ҳадя этишга”мажбур этилади. Масалан, 2018 йилда Семей шаҳри мансуб Шарқий Қозоғистон вилояти мамлакат бошкентида шаҳарнинг туғилган кунига атаб салкам 940 миллион тангага улкан фаввора қуриб берган эди.

Фаввора диаметри 73 метрга тенг айлана шаклида ясалган. Композиция марказида бир пайтлар Амир Темур ясаттирган ва ҳозирда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида сақланувчи улкан қозонга ўхшаш қилиб ишланган “Тўйқозон” идиши жойланган: ундаги сув биқирлаб кўтарилиб туради ва сув қайнаётган коса кўринишини беради.

Нур-Султондаги Тўйқозон фаввораси

2020 йили, Абай Қўнонбоев таваллудининг 175 йиллиги нишонланиши арафасида Нур-Султон акимати Семейга жавоб ҳадяси сифатида марказий соҳилбўйи кўчасини реконструкция қилиб беришни ваъда қилди. Аммо, доим бўлгани каби, бу сафар ҳам мулозимларнинг сўзи билан амали бошқа-бошқа бўлди: кейинроқ эса унча тантанавор бўлмаган шароитда, совға бекор бўлганини, бюджетда бунинг учун ақча йўқлигини билдирдилар.

“Акимат Абай Қўнонбоевнинг 175 йиллик юбилейига бағишлаб турли тадбирлар ўтказилишини қўллаб-қувватлайди ва бунинг муҳимлигини эътироф этади. Бироқ, юзага келган мураккаб иқтисодий вазият ҳамда бюджет харажатлари чекланганлиги муносабати билан юқорида қайд этилган лойиҳани молиялаш маъқул кўрилмади”, дея маълум қилганди Нур-Султон акиматининг матбуот хизмати.

ҚОЗОҒИСТОН ШИМОЛИ: ЧИРИГАН УЙЛАР ВА СУВСИЗ ҲАЁТ

Петропавловск – Шимолий Қозоғистондаги яна бир шаҳар, у мамлакат аграр соҳасининг юраги ҳисобланади. Қозоғистон йиллик ғалла ҳажмининг 25 фоизи ва мойли экинларнинг учдан бир қисмини айнан шу вилоят беради. Бироқ бутун минтақанинг бюджети биргина Нур-Султон шаҳри бюджетидан икки ярим бараварга кам!

Петропавловскда кўплаб уйлар авария ҳолатида бўлиб, аҳолисини кўчириб, уларни бузиб ташлайдиган фурсат аллақачон етган. Айрим уйларда яшовчилар чироқни ёқиб ухлашларини айтишади – деворлар йиқила бошлаган пайтда квартирадан қочиб чиқиш осонроқ бўлсин деб...

Аммо Петропавловск маъмурлари авария ҳолатидаги уйлар аҳлини бошқа жойга кўчиришга шошилгани йўқ: маҳаллий акимат янги уйлар қурилишига маблағ етишмаслигини баҳона қилмоқда, одамларнинг ўзларида ҳам янги уй сотиб олиш учун моддий имконият етишмайди, албатта.

Петропавловскдаги авария ҳолатидаги уйлардан бири

“Ҳожат қилиш учун салкам ертўлагача тушишимизга тўғри келади. Бу ерда чирияпмиз, мана шу икки қаватли вайроналарда чириб битяпмиз. Яшовчилар ҳаммаси – пенсионерлар. 30-35 йиллаб элеваторда ва заводда ишлаганмиз. Лекин шу ёшимизда яшаётган шароитимизга қаранг?” дейди петропавловсклик Тамара Шевченко.

Шимолий Қозоғистон вилоятида, Петропавловскдан ўн чақирим масофада қозоғистонликларга яхши таниш Якорь қишлоғи жойлашган. Бу қишлоқ – аҳолиси ичимлик сув йўқлиги муаммоси ҳақида бирваракайига бир неча тилда дунёга маълум қилганидан сўнг машҳур бўлиб кетган эди. Қишлоқликлар бугун ҳам овқат пишириш учун сувни дўкондан сотиб олади. Томорқани суғориш учун эса ёмғир сувларини йиғадилар – 21 асрда шунақаси ҳам бўлар экан. Умуман, Қозоғистонда бир миллиондан зиёд киши сифатли ичимлик сувдан бебаҳра яшамоқда.

Сувоқава мутахассислари Якорь аҳлига тушунтиришича, қишлоққа сув келтириш учун 20 километрли қувурни янгилаш лозим. Июнь ойида бу ишларга 475 миллион танга (бир миллион доллардан кўпроқ) зарурлигини айтишганди. Бугунги кунда эса ушбу сумма қарийб 10 фоизга ўсган. Якорь қишлоқ округи акиматида таъмир ишлари 2022 йилда бажарилишига ваъда беришмоқда, аммо қишлоқ аҳолиси бунга ишонмаяпти.

Табиийки, Нур-Султон акимати Қозоғистоннинг бошқа минтақаларидаги муаммоларни ҳал қилиб беришга жавобгар эмас ва минтақалардан тўғридан-тўғри маблағ олмайди. Шунга қарамай, бир кишининг хоҳиш-иродасига кўра Қозоғистоннинг бош сиёсий маркази бўлмиш шаҳарда бугунги кунда триллионлаб бюджет маблағлари тўпланмоқда. Нур-Султон йиллик бюджетининг ўзи бир триллион тангадан ортиқ. Ва кўп ҳолларда пойтахт акимати ушбу маблағни қозоғистонликларда қатор саволлар туғдирадиган шубҳали лойиҳаларга совуради.

Ижтимоий тармоқларда Нур-Султон акимати имижини тарғиб қилишга юз миллионлаб танга ажратилмоқда. Бундан ҳам кўп маблағни пойтахт амалдорлари хизмат автомобиллари ва ўз мақом хоналари учун жиҳозлар сотиб олишга сарфлайдилар: жорий йилнинг ўзида Нур-Султон акимати бюджет ҳисобидан юқори нархларда жами икки миллион доллардан ортиқ қийматли турли моллар харид қилган. Ҳолбуки, бу пулга Петропавловскда янги уйлар қуриш, Семейда реабилитация маркази очиш ва ядро полигонидаги синовлардан зарарланган қанчадан-қанча фуқароларга молиявий кўмаклашиш мумкин эди.