Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 ноябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида айтилган.
Президент матбуот хизмати қайдича, келгуси беш йилда қурилажак мазкур массивларда 250 мингдан зиёд оила уй билан таъминланиши кўзда тутилган.
Йиғилишда Ш. Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилиши кераклигини таъкидлаган.
Унга кўра, ҳар бир массивда саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади. У ерда одамлар ҳам уйли, ҳам ишли бўлишини урғулаган президент келгуси йили Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 40 та шундай замонавий мавзе барпо этиш мўлжалланганини билдирган.
Янги массивлар учун очиқ танлов ўтказиш жуда муҳимлигини таъкидлаган Ш. Мирзиёев Қурилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, ҳар бир ҳудудда ер майдонларини аниқлаб, уларнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берган.
Йиғилишда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш учун келгуси йилда 15 триллион сўм ажратилиши белгилангани, бу маблағ ипотека кредити бериш учун банкларга йўналтирилиши, қурилиш инвесторлар ҳисобидан амалга оширилиши айтилган.
Эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш, бошланғич бадал ва фоизлар бўйича субсидия бериш муҳимлигига эътибор қаратган президент келгуси йили янги массивларда қуриладиган уйларнинг мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан сотиб олиниши, бунинг учун қурилиш ташкилотларига 220 миллиард сўм олдиндан ўтказиб берилишини қайд этган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда уйларнинг бир квадрат метри нархи ўртача 4 миллион 500 минг сўмни ташкил этаётгани айтилган йиғилишда янги массивлардаги нархни шу миқдорда сақлаб қолиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда янги массивларни ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилиши белгиланган.