АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 2023 йил учун мудофаа бюджетини 858 миллиард доллар миқдорида тасдиқлади. Бу 2022 йил бюджетидан деярли 80 миллиардга ва президент Жо Байден сўраган маблағдан 45 миллиардга кўпдир.
Ҳужжатда 800 миллион доллар Украинага ҳарбий ёрдам сифатида берилиши қайд этилган. Бу Байден маъмурияти сўраганидан 500 миллион долларга кўпдир. Кейинги ўн йил давомида Тайвань мудофаасини қўллаб-қувватлашга 10 миллиард доллар ажратилади.
6 миллиард доллар эса Европада ҳарбий таҳдидларнинг олдини олишга берилади. Бу ерда гап асосан Россияга қаршилик кўрсатиш ҳақида бормоқда. Ҳужжатда Россия билан ҳарбий ҳамкорлик қилиш беш йилга тақиқланиши таъкидланган.
Бундан ташқари ядровий қуролга эга янги стратегик B-21 бомбардимончи самолётларини ишлаб чиқаришга, армияга 36 та F-35 қирувчи самолётларини сотиб олишга ҳам пул ажратилди. Ҳарбий денгиз флотига кемалар қуриш учун 32 миллиард доллар берилади.
Мудофаа бюджетига оид ҳужжат 4 408 саҳифадан иборат. Унда АҚШдаги ҳарбий госпиталлар инфраструктурасини яхшилашга 50 миллиард доллардан кўпроқ пул сарфланиши айтилади.
Бюджет лойиҳаси Сенатда ҳам енгиллик билан қабул қилиниши кутилмоқда. Шундан сўнг уни президент Байден имзолайди.