Ҳаррис Демократик партиядан президентликка номзоди қўйилишига розилик берди

АҚШ Демократик партияси Миллий қурултойининг сўнгги кунида мамлакатнинг амалдаги вице-президенти Камала Ҳаррис демократлардан президентликка номзоди кўрсатилишига рози эканини эълон қилди.

“Бугун оқшом бизни турлича сиёсий қарашларга эга одамлар кўраётганини биламан. Ва сизлар билишингизни истардимки, мен америкаликларнинг барчаси учун президент бўлишга ваъда бераман. Мен сизни энг юксак интилишларимиз атрофида бирлаштирувчи президент бўламан. Мен етакловчи ва [шу билан бирга] тингловчи президент бўламан”, деган у 22 август куни қурултойда қилган чиқишида.

Ҳаррис америкаликларни бўлажак сайловдан “олға юришни белгилаш учун қимматли имконият” ўлароқ фойдаланишга чақирган. Шунингдек, у Дональд Трамп ҳокимият тепасига қайтгудек бўлса, АҚШ хатарли оқибатларга дуч келиши мумкинлигини билдирган. Ҳаррис Трампни АҚШни ортга улоқтиражак “ножиддий одам” деб атаган.

Ҳаррис сайловда ғалаба қозонган тақдирда Украинага ҳамда АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчиларига дастак беришни давом эттиришни ваъда қилган. Унга кўра, Россия қўшинлари кенг кўламли босқин бошлаганларидан кейин у Украина ўзини ҳимоя қила олиши учун “глобал жавобни сафарбар қилиш”га кўмаклашган.

Бундан бир кун аввал Демократик партия делегатлари Ҳаррисни ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловда президентликка номзод ўлароқ расман тасдиқлашган. Ҳаррис номзоди тасдиқланиши учун 4566 киши ёқлаб овоз берган.

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден 21 июль куни президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилиб, Демократик партиядан президентликка Ҳаррис номзодини таклиф қилган. Қурултой делегатларининг 99 фоиз овозига эга бўлган Ҳаррис Демократик партия номзодлари рўйхати бошига чиққан биринчи қора танли ва осиёлик аёлга айланган.

АҚШда президент сайлови 2024 йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтиши кутилмоқда.