АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис расман Демократик партиядан давлат раҳбари лавозимига номзодга айланди. Бу ҳақда у Филадельфиядаги ўз тарафдорлари митингида билдирди. АҚШда президент сайлови 2024 йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтади.
“Бугун мен сизнинг олдингизда эндиликда Қўшма Штатлар президенти лавозимига Демократик партиядан расман номзод бўлганимни фахр билан эълон қилиш учун турибман. Бундан буён баъзи ишларни қилишимиз лозим бўлади. Биз умуммиллий сайловга бориб, унда ғалаба қозонишимиз керак бўлади”, дея иқтибос келтирган Камала Ҳаррис сўзларидан CNN телеканали.
Аввалроқ Демократик партия Миллий қўмитаси Ҳаррис президент лавозими учун номинацияда ғалаба қозонганини маълум қилган эди. У демократларнинг 99 фоиз овозини олиб, партия номзодлари рўйхати бошига чиққан биринчи қора танли ва осиёлик аёл бўлган.
Филадельфиядаги митингда Ҳаррис томонидан вице-президент лавозими учун танланган Миннесота губернатори Тим Уолз ҳам иштирок этган. У “ўзига билдирилган ишонч учун” Ҳаррисга миннатдорлик изҳор қилган. Бунга жавобан АҚШ президенти лавозимига номзод мамлакатни америкаликларнинг барчаси манфаатидан келиб чиққан ҳолда бошқаражагини ваъда қилган.
Филадельфиядан ташқари Ҳаррис ва Уолз О-Клэр (Висконсин штати), Детройт (Мичиган штати), Дарем (Шимолий Каролина штати), Саванна (Жоржия штати), Финикс (Аризона штати) ва Лас-Вегасга (Невада штати) ташриф буюришади.
АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден 21 июль куни президентлик пойгасида чиққанини эълон қилган ва Демократик партиядан Камала Ҳаррисни номзод ўлароқ кўрсатишни таклиф қилган эди. Ҳаррис кампанияси илк кунлариёқ рекорд даражадаги 81 миллион иона тўплашга муваффақ бўлган.