АҚШ вице-президенти ва Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис 6 ноябрь куни Дональд Трампга қўнғироқ қилиб, уни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Ҳаррис ёрдамчиларидан бирининг Associated Press агентлигига айтишича, телефон мулоқотида у Трамп билан ҳокимиятни тинч йўл билан топширишнинг аҳамиятини муҳокама қилган.
Трамп сайлов кампанияси вакили Стивен Чунг номзодлар ўртасидаги мулоқотни “дилдан суҳбат” дея таърифлаган.
“Президент Трамп вице-президент Ҳаррисга бутун кампания давомида унинг кучи, профессионализми ва қатъияти учун миннатдорлик билдирди, ҳар икки лидер мамлакатни бирлаштириш муҳимлиги юзасидан якдиллик изҳор қилди”, дейилган у томонидан тарқатилган баёнотда. Бундан аввал Трамп ва Ҳаррис ўртасида телефон сўзлашуви бўлиб ўтганини СBS ва CNN манбалари ҳам тасдиқлашган.
Трампга АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳам қўнғироқ қилган. Бу яқин орада Трампни Оқ уйда қабул қилиб, у билан ҳокимиятни топшириш масаласини муҳокама қилмоқчи. NBC хабарига кўра, Байден янги президент инаугурациясида ҳам қатнашади. Байден 2020 йили Трамп ўрнига президентликка келганида у бу ишларнинг ҳеч бирини қилган эмас. 7 ноябрь куни Байден сайлов натижалари бўйича ва ҳокимиятни топшириш бошлангани муносабати билан АҚШ халқига мурожаат қилади, дея маълумот тарқатди Оқ уй матбуот хизмати.
Сайловда 294 та овоз тўплаган Дональд Трамп 5 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтган президент сайловида ғалаба қозонган. Унинг асосий рақиби, амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис 223 та овоз тўплашга муваффақ бўлган. Овозларни санаш иши давом этмоқда, бироқ оз қолган саналмаган овозлар сайлов натижасига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Сайловдан сўнг дунёдаги кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари 6 ноябрь куниёқ Трампни президент этиб сайлангани билан табриклашга улгуришган.