АҚШда 5 ноябрь кунига белгиланган президент сайловига икки кун қолар экан, якшанба куни Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис Мичиган штатидаги сайловолди тадбирларида қатнашди, унинг рақиби бўлган республикачи Дональд Трамп эса ҳали кимга овоз бериши маълум бўлмаган Пенсильвания, Шимолий Каролина ва Жоржия штатларига борди.
Ижтимоий сўровлар, аввалда бўлгани каби, номзодлар рейтингида фарқ жуда кичик эканини кўрсатмоқда. New York Times ва Сиена коллежи томонидан 3 ноябрь куни ёйинланган тадқиқотлар вице-президент Ҳаррис ва собиқ президент Трамп овоз бериш натижаси учун муҳим бўлган етти штатда ёнма-ён кетаётганини кўрсатган.
Жорий йилнинг 24 октябридан 2 ноябригача етти штатдаги 7800 дан зиёд муҳтамал сайловчи орасида ўтказилган сўров натижаларига мувофиқ, Камала Ҳаррис кичик фарқ билан Невада, Шимолий Каролина ва Висконсинда, Дональд Трамп эса Аризона, Мичиган, Жоржия ва Пенсильванияда олдинда боряпти. Етти штатнинг барчасида овозлар нисбати тақрибан 3,5 фоиз атрофида бўлиб турибди, дея қайд этилган “Америка овози” мақоласида.
Сўровга кўра, сайловчиларнинг 40 фоизга яқини шу кунгача овоз бериб бўлган ва бу сайловчилар орасида Ҳаррис 8 фоизга олдинда бормоқда, Трамп эса энди овоз беришини айтаётган сайловчилар орасида пешқадамлик қиляпти.
Пенсильванияда ҳар икки номзоднинг ғалаба имкониятлари тенглашган. New York Times нашрининг аввалги сўровларида Ҳаррис тўрт фоизлик фарқ билан олдинда бораётган бу штатда Трамп рақибини қувиб етиб олган.